Халқ таълими вазирлиги 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 154-сонли қарори асосида «Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида низом» тасдиқланганлиги ҳақида хабар берган эди.
Мазкур хабарни таълимга ихтисослашган баъзи Telegram каналларида нотўғри талқин этилаётгани, яъни олтин медаль олган мактаб битирувчисига кириш имтиҳонларида тўплаган умумий балига 50 фоиз, кумуш медаль олган мактаб битирувчисига эса 30 фоиз балл қўшиб берилишига оид нотўғри маълумотлар чоп этилмоқда. Вазирлик ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берди.
«Юқорида келтириб ўтилган Низомда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилмаган. Шу ўринда таъкидлашимиз жоизки, олтин ва кумуш медаллар аъло баҳоларда ўқиган ўқувчиларга берилишини инобатга олсак, кириш имтиҳонларида имтиёзли баллар берилмаса-да, ўз билимларини кўрсата олишлари лозим. Қолаверса, Халқ таълими вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун талабгор ёшларга тенг имкониятлар тақдим этиш тарафдори.
Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларни таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборатдир», — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)