Тошкент шаҳар ИИББ хабар беришича, Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик фуқаро мурожаат қилиб, Россия касалхоналаридан бирида тошкентлик 30 ёшли Руслан оғир касалланган ҳолда ётганлигини маълум қилган.
Русланнинг ҳужжатларидан фақат туғилганлик ҳақида гувоҳномаси бўлган. Шифокорлар унинг яқинларини топишга ёрдам беришни сўраган.
Тошкент шаҳар ИИББнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ходимлари Русланнинг онаси — Гуляра Ибрагимовнани топишга ёрдам берган. Унинг айтишича, ўғли касаллиги ҳақида айтган, шундан сўнг икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида ундан хабар бўлмаган.
Руслан ватанига қайтиши учун қайтиш сертификатини олиши лозим бўлган. Шифокорлар унинг аҳволи оғирлиги туфайли мустақил равишда ҳаракатлана олмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
Тошкент шаҳар ИИББнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бўлимига мурожаат қилиб, Москвадаги Ўзбекистоннинг Бош консуллиги орқали Руслан учун бир суткада ватанига қайтиш учун сертификат расмийлаштириб беришга ёрдам берган.
Ҳозирда Руслан Тошкентда ўз онаси билан бўлиб, пойтахт ИИББ ходимлари унга янги биометрик паспорт ва керакли дори-дармонлар олишда ёрдам кўрсатди.
Изоҳ (0)