Солиқ ислоҳотлари сингари муҳокама қилинган, қизғин мунозараларга сабаб бўлган ва ашаддий тортишувларни келтириб чиқарадиган мавзулар жуда кам. Бизнесменлар, иқтисодчилар, мамлакатимиздаги ва хорижий экспертлар ушбу соҳани ривожлантириш йўллари тўғрисида турли-туман, баъзан бир-бирини инкор қиладиган фикрларни билдирмоқда. Фақат бир масалада ҳамманинг фикри бир жойдан чиқмоқдa: солиқ тизимини ўзгартириш керак.
Янги шароитларда ишлаб бошланган дастлабки ҳафталар ва ойларда солиқ соҳасида қандай муаммолар юзага келди? Яқин истиқболдаги вазифалар ва келгусидаги режалар қандай? Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раисининг 1-ўринбосари Мубин Мирзаев билан ана шу ва бошқа масалалар тўғрисида суҳбатлашдик.
– Сиз билан учрашишдан олдин мен ижтимоий тармоқлардаги ўқувчиларимдан уларни қизиқтирган саволларини юборишларини сўрадим. Улардан олинган 33 саволнинг барчасига битта суҳбат давомида жавоб олишнинг иложи бўлмаса-да, кўп такрорланган ва умумий саволларни беришга ҳаракат қиламан. Мана, шундай саволлардан бири: солиқ саводсизлигини оммавий бартараф этишни қачон бошламоқчисиз? Солиқ тўғрисида мунозаралар шуни кўрсатяптики, кўпинча одамлар ҳаттоки бозор ва нарх белгиланишининг энг оддий тамойилларини ҳам билмайди, нима учун солиқ тўлашлари ва бу қандай амалга оширилишини тушунмайди.
– Ҳақиқатан ҳам, бизнесменларнинг, шунингдек барча солиқ тўловчиларнинг солиққа тортиш тамойилларини тушунишлари жуда муҳим. Тушунтириш ишларини биз илгари ҳам олиб борганмиз. Биласизми, гап нимада? Ўз вақтида биз тадбиркорларни ягона солиққа ўтказиб, бухгалтерларни ҳам, тадбиркорларни ҳам «дангаса» қилиб қўйдик. Умумий оборотдан 5% тўлайсиз, бўлди. Ҳеч нарсани ҳисоблашнинг кераги йўқ, ҳеч қанақа ҳужжат тўлдирмайсиз. Энди эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида фармони эълон қилиниши билан ҳаммаси тубдан ўзгарди. Бу шубҳасиз, ижобий ўзгариш.
Бироқ буни жойлардаги, вилоятлардаги ҳар бир кишига етказиш – жуда қийин масала. Биласизми, вилоятларга ташриф буюрганимизда нимани аниқладик? Оддий қилиб айтадиган бўлсак вилоятларда бухгалтерлар йўқ. ҚҚС тўлайдиган 7000 субъект бор эди. Энди уларнинг сони 35 мингта бўлди. Солиқ тўловчилар базасининг кенгайиши яхши, албатта. Бироқ 35 минг субъектда бухгалтерлар борми деган саволга жавоб йўқ. Уларнинг ярмида бухгалтерлар йўқ. Кўпинча битта бухгалтер 5-6 та корхонанинг ишини олиб боради.
Ҳозир Савдо-саноат палатаси билан бирга шу йўналишда иш олиб боряпмиз.
14 вилоятнинг ҳар бирида ишчи гуруҳ тузилди. Бундай гуруҳларнинг энг асосий вазифаси – ҳар 10 та фирмага биттадан солиқ мутахассиси бириктирилди, улар қуйидаги муаммоларни аниқлайди: бухгалтер бор-йўқлиги, солиқ кодексининг қайси қоидалари тушунарсиз, ҳужжатларни қандай юргазиш керак.
– Бухгалтер бор-йўқлиги бу масаланинг бир қирраси. Муаммонинг яна бир жиҳати шундаки, кўпчилик солиқ инспекторларининг малака даражаси етарли эмаслигидан шикоят қилади.
– Бизда ҳам ишини жуда яхши биладиган мутахассислар бор, бироқ, афсуски бугунги кун талабига жавоб бермайдиганлари ҳам бор. Янгича ишлай олмайдиганлар бундан кейин бизда ишламайдилар. Шуни қайд этмоқчиман, инспекторлар мунтазам равишда ўқишади: уларда ҳар ҳафта машғулотлар ўтказилади, ҳар ҳафталик семинарларда иштирок этишади, уч йилда бир марта ДСҚ қошидаги Малака ошириш марказида ўқиб қайтишади.
Ҳозир солиқ қўмитасида беш йиллик ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқяпмиз, унда узоқ муддатли, ўрта муддатли ва яқин истиқболдаги вазифалар белгилаб берилади. Бу ҳозир қайси босқичда турибмиз-у, беш йилда нималарга эришмоқчимиз, бунинг учун нималар қилишимиз кераклигини тушуниб олишимиз учун керак.
Унда бутун бизнес жараён батафсил ёритиб берилади: корхонанинг бутун фаолияти давомида ким ва нима учун жавоб беради: корхона тузилганидан у тугатилгунига қадар ким нима ва қандай қилиши керак. Ҳар бир соҳанинг эгаси бўлиши керак. Бутун занжир: республика қўмитаси, вилоят, шаҳар ва туман солиқ инспекцияларидаги ҳар бир мутахассиснинг ишини тубдан қайта кўриб чиқяпмиз.
– Бизда инспекторлар етарлими?
– Улар ҳаддан ортиқ. Бугунги кунда солиқ тизимига 11 146 киши жалб қилинган. Бироқ шу нарсага аниқлик киритиб олишимиз керак: ким нима учун жавоб беради? Ҳозир биз мамлакатдаги 500 тага яқин энг йирик солиқ тўловчиларни алоҳида гуруҳга ажратиб олдик. Фақат мана шу 500 га яқин ташкилот билан ишлайдиган махсус инспекция тузилади. Хавфларни бошқариш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш – буларнинг барчаси ана шу инспекция зиммасида бўлади.
– Солиқ инспектори бор. Корхона бухгалтери бор. Улар ўртасида муҳим боғловчи - бухгалтерия ҳисобини юргазишнинг дастурий таъминоти бор. У ҳозирги ўзгаришларга талаб берадими?
– Россиянинг Федерал солиқ хизматидаги ҳамкорларимиз билан биргаликда биз ҳозир оддий, осон тушунарли дастур яратиш устида ишлаяпмиз, бу дастур бутун бизнес-жараённи пастидан тепасига қадар қамраб олиши керак. Бу биринчидан. Иккинчидан: барча вазирликлар ва идоралар билан ишлайдиган интеграцияланган дастур ҳам яратяпмиз.
Халқаро валюта фонди билан солиқ органлари тузилмаси ва ишини рационализация қилиш устида иш олиб боряпмиз.
Жаҳон банки билан солиқ саводхонлигини ошириш, ҚҚС ҳисоблаш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларимизни ишлаб чиқяпмиз. Жуда кўп масалалар йиғилиб қолган.
Мисол келтиришим мумкин. Биз Тошкент вилоятидаги божхона постларидан бирининг ишини ўргандик. Шаҳар ташқарисига олиб чиқиб кетилаётган товарларнинг 86% да ҳеч қандай ҳужжатлар йўқлиги аниқланди. Қолган 14 % товарлардаги мавжуд бўлган юк хатлари ва ҳисоб-фактуралари ҳам ҳеч қанақа талабларга жавоб бермайди. Бу нимадан дарак беради: биз аксарият ҳолларда ҳужжатлар билан ишлашни унутиб қўйдик.
– Балки мактаб, коллеж, университетларда солиқ саводхонлиги бўйича дарслар, ҳеч бўлмаганда «солиқ тўловчи соати» киритилиши керакдир?
– Яхши фикр. Ҳозир ходим учун солиқларни иш берувчи тўлайди. Агар солиқларни ҳар биримиз ўзимиз учун тўлайдиган бўлсак, ўшанда қанча ва нима учун тўлаётганимизни тушунишга ҳаракат қиламиз. Агар жисмоний шахс солиқни ўзи тўласа, саводхонлик ҳам ортади. Ҳаммаси шаффоф ва тушунарли бўлади. Биз буни хоҳлаймизми ёки йўқми, вақти келиб шундай бўлади: бутун дунёда шундай қилишмоқда.
Менимча бу ерда бир нечта муаммо мавжуд.
Солиқ тўлаш тизимидаги ўзгаришларнинг афзалликларини ҳар бир солиқ тўловчи эътиборига етказиш керак. Атайин солиқ тўлашдан бўйин товлайдиганлар бор, албатта. Бироқ кўпчилик бехабарлиги туфайли хатога йўл қўяди. Биз ана шу йўналишда иш олиб боришимиз зарур. Тўғри ҳаракатланиш учун ягона ҳужжат бўлмаганлиги туфайли кўп йиллар ичида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш керак.
Бу муаммоларни зудлик билан ҳал қилишга интилишларни тушунса бўлади, бироқ бунинг иложи йўқ. Бу тизим янгидан ўқишга мажбур қилади. Концепцияни жорий қилиш ва шундай тушунтириш керакки, халқ биз тўғри йўлдан бораётганлигимизга ишонсин ва солиқ тўлашдан қочмасин.
– Муаммолар бор. Уларнинг ечими борми?
– Биз бу масалада Жаҳон банкидан кўмаклашишни сўрадик. Қандай қилсак бу тартиб тушунарли ва содда бўлади? Чунки биздаги мавжуд 1999 йилда ишлаб чиқилган талаблар эскирди, моҳиятини ва долзарблигини ҳам йўқотди. Биз қайтатдан велосипед ихтиро қилмадик, нима учун? Биз бу борада ривожланган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланишга қарор қилдик. Масалан Туркия тажрибаси. Жаҳон банки мутахассислари февраль ойидаёқ бу ишни бошлаб юборди.
– Бу ҳужжатларни ишлаб чиқишдан мақсад иқтисодни «соя»дан олиб чиқишми?
– Ҳа, бироқ фақатгина бизнесни «соя»дан олиб чиқиш ва солиқ йиғимини оширишдангина иборат эмас. Яна корхоналарни шаффоф ишлашга ўргатиш ҳам керак. Бунинг учун биринчи навбатда бозорнинг барча иштирокчилари учун бир хил ўйин шартлари ва қоидаларини киритиш талаб этилади. Бир бизнесмен солиқларни тўлайди, худди шу соҳадаги бошқаси эса тўламайди, мана шунда нотўғри рақобат юзага келади. Бундай вазиятда ривожланиш ҳақида гап бориши мумкинми?
– Ўзбекистонда хўжалик юритувчи субъектлар сони қанча?
– Бугунги кунда 400 мингга яқин бизнес субъектлари бор.
– Солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг сони қанча ва уларнинг қанчаси солиқ тўлайди?
– Мамлакатда 13,5 миллион ишга лаёқатли аҳоли бор. Бироқ солиқ тўловчилар сони 4,5 миллион. Савол туғилади: қолганлар қаерда? Агар шундан икки-уч миллиони меҳнат мигрантлари деб фараз қилсак, шунда ҳам қолган беш-олти миллион ишга лаёқатли аҳоли иш ҳақини «конвертда» олади, ёки хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади ва солиқ тўламайди.
Биз учун энг муҳими: «соя»да ишлаётганларни аста-секин очиқ ишлашга чиқариб, қонунлаштириш. Бу бир кунда бўлмайди. Бу анчагина вақт талаб қилади, ҳатто уларнинг бир қисмини очиқчасига ишлашга олиб чиқсак ва улар ҳам солиқ тўлайдиган бўлишса, умумий солиқ юки пасаяди.
– ҚҚС ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўп ва хўп гапирилди, ёзилди. Такрорлаб ўтирмайман. Савол қуйидагича: ярим йилдан сўнг биз ҚҚСни 12 %гача пасайтиришимиз мумкинми?
– Ярим йилда ва ҳаттоки бир йилда ҳам, афсуски буни айтиб бўлмайди. Аммо яқин икки-уч йилда аниқлашади. Олдимизда, бир қарашда, иккита, бир-бирини инкор қилувчи вазифа турибди. Иқтисодни легаллаштириш ва мувозанатга келтириш, бюджет харажатларини мувофиқлаштириш. Солиқ юкини пасайтириш. Бироқ, яқин йилларда ҚҚСни 12 % гача пасайтиришнинг иложи йўқ.
Бироқ яна кўплаб бошқа муаммолар ҳам бор. Бошқа солиқларни оптималлаштириш: уларнинг сонини камайтириш, баъзиларини бирлаштириш, ушбу масалани тартибга солиш. Ишлаб чиқарувчиларга катта ҳажмлардаги маҳсулотларни ишлаб чиқиш имконини яратиш.
ҚҚС туфайли нархни оширишга мажбур эканлигини таъкидлаётганлар бироз ноҳақ. Бу ҳақиқатдан йироқ. Аслида нима бўлди? Бизнесменларнинг бир қисми ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг ҳақиқий ҳажмини кўрсатмай қўя қолишарди. Илгари масалан бизнесмен 50 минг долларлик товар олиб келган, ҳужжатда эса беш минглик қилиб кўрсатган. Энди бунақаси ўтмайди. ҚҚСнинг киритилиши товар ва хизматларнинг бутун йўлини кўрсатишни, ҳисоб-фактура бўлишини талаб қилади. Савдо-сотиқ бўладими, ишлаб чиқариш бўладими, фарқи йўқ.
Товар сотилаётганда унинг келиб чиқиши ҳақида ҳужжат бўлиши лозим. Ҳаммаси равшан бўлиб қолди, шу сабабли яширин даромадлар кўриниб қоляпти. Шу сабабли уларда нарх ҳам ошди.
– Нархларнинг ноқонуний оширилгани учун жарималарга тортиш, жазолаш ҳоллари бўлдими?
– Бизнинг вазифамиз, айниқса ҳозирги ўтиш босқичида кимнидир жазолашдан иборат эмас. Мана шу олти ой ичида, ишончим комил, бозор ҳаммасини ўз ўрнига қўйиб қўяди. Биз тушунтиришимиз, хатоларнинг ва камчиликларнинг олдини олишимиз керак. Шу сабабдан тадбиркорлар билан қанча керак бўлса шунча учрашамиз, ўқитамиз.
Бироқ шу тушунтиришлардан кейин ҳам қонун бузилишларига йўл қўйилса, унда 1 июлдан бошлаб қаттиқ чоралар кўришни бошлаймиз.
– Солиқ қўмитаси раҳбариятининг тадбиркорлар билан мунтазам учрашувлар ўтказаётгани, давра суҳбатлари ва телевизордаги чиқишлари тадбиркорлар томонидан жуда яхши қабул қилиняпти. Бироқ туман инспекцияларида бухгалтерларга: «телевизор бошқа, ҳаёт бошқа» – дейишаётган вазиятлар ҳам учраб турибди. Солиқ кодексига расмий шарҳлар қачон чиқади?
– Янги солиқ кодекси Молия вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланяпти. Биз уни 2019 йил 1 апрелига қадар тўлиқ ишлаб чиқишимиз керак. Шундан кейин Кодекс лойиҳаси муҳокамага қўйилади. Бу олдингидек бўлмайди, Кодексни тўрт киши ишлаб чиқиб, уни дарров қабул қилинмайди.
– Ўқувчилар сўрашяпти, нима учун солиқ кодекси лойиҳасини унинг ижрочилари ёзяпти? Янги кодексга одамлар ёки корхоналарнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда эмас, балки солиқчиларнинг нуқтайи назаридан келиб чиққан ҳолда ёндошилмайдими?
– Солиқ кодексини ҳаммаям ёзолмайди, ҳар ким ҳам ёза олмайди, бу тушунарли. Ҳозир Молия вазирлигида Солиқ кодексининг лойиҳасини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш бўйича алоҳида комиссия ишлаяпти. Ишчи гуруҳга бизнинг мутахассисларимиз ҳам кирган.
Биз бу ишга солиққа тортиш соҳасида дунёдаги энг кучли мутахассисларни жалб қилишга ҳаракат қилдик. Шу жумладан, Жаҳон банкидан, Халқаро валюта фондидан.
Биз бу ишга Россия Федерацияси Солиқ кодексининг ва солиқ ислоҳотларининг энг муҳим муаллифларидан бири, фан доктори Сергей Дмитриевич Шаталовни жалб қилганмиз. Шаталов кўп йиллар Россиянинг молия вазири ўринбосари бўлган, PriceWaterhouseCoopers (PWC) трансмиллий корпорациясида ишлаган. Ҳозирги вақтда у – Россия Молия вазирлиги солиқ сиёсати бўйича маслаҳатчиси.
Айтиб ўтганимдек, янги Кодекснинг лойиҳаси 1 апрелда муҳокамага қўйилади, билдирилган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда 2019 йил 1 октябрда қабул қилинади. Бизнинг мақсадимиз 2020 йилнинг 1 январидан Ўзбекистоннинг барча солиқ тўловчилари, тадбиркорлари ва солиқчилари қўлларида қонуности ҳужжатлари максимал қисқартирилган, пишиқ ишланган, содда, равон, яхлит ҳужжатга эга бўлишлари керак. Бунадай кодекс янгича ишлай олишлари учун керак.
Вазифанинг мураккаблиги шундаки, бугунги кунгача ишлаш учун асос бўлиб келган ҳужжатлар оддий солиқ тўловчиларга ҳам, бизнесменларга ҳам ва ҳаттоки солиқ органлари ходимлари учун ҳам доимо тушунарли эмасди. Ҳужжатларда кўп нарсалар йўқ.
Қонунни мутахассис ёзиши керак, қонун тааллуқли бўлган бошқа барча кишилар эса ўз фикрларини билдириш имконига эга бўлишлари керак. Унинг илгаригисидан фарқи, у аниқ қилиб ва оддий тилда ёзилган бўлиши керак. Шунда ҳаммага қулай бўлади.
– Бизга шундай савол юборишган: солиқ қўмитаси бюджетга солиқлар йиғилишидаги мумкин бўлган йўқотишларнинг ўрнини қандай қоплашни режалаштирган?
– Ислоҳотларнинг биринчи оралиқ натижалари кузда маълум бўлади. Келинг, биринчи ой нималарни кўрсатганини қараб чиқамиз.
Бюджетга солиқ тушумлари 5,4 трлн сўм (2018 йилга нисбатан 176%).
ҚҚСдан тушумлар 1,4 триллион сумни ташкил қилди (217,5%).
Юридик шахслар даромадидан солиқ 389,8 млрд сўм (228,3%).
Жисмоний шахслар даромадидан солиқ 717,5 млрд сўмни ташкил қилди (161,5%).
Тўғри, осон бўлмайди. Биз биринчи чорак режасига 17,5 триллион сўм солиқ тушумларини киритдик. Ишончим комил, солиқ йиғилиши бўйича бюджетга киритилган режа тадбиркорликни легализация қилиш, фаолиятни кенгайтириш, шу жумладан янги иш ўринлари яратиш йўли ҳисобига бажарилади.
– Танлама солиқ имтиёзлари ҳақида савол. Кўпчилик бу соғлом рақобатга халақит беради деб ҳисоблайди.
– Улар ҳақ. Бизга тадбиркорлар тез-тез носоғлом рақобат юзасидан шикоятлар билан мурожаат қилишади: «Нима учун бунга имтиёз берилган, бизга эса йўқ?». Имтиёз беришдан келадиган зарар унинг фойдасидан кўра кўпроқ бўляпти, рақобат муҳитини бузиб, тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига тўсқинлик қиляпти. Биз ҳозир солиқ имтиёзларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказяпмиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, ўзини оқлаган имтиёзларнигина қолдирамиз. Жорий йилда соғлом рақобатга тўсқинлик қилувчи барча имтиёзларни максимал қисқартирамиз, камайтирамиз ва бекор қиламиз ва Ҳукуматга шу ҳақда таклиф киритамиз. Ҳозирги вақтда ҳеч кимга ҳеч қандай янги солиқ имтиёзлари берилаётгани йўқ.
– Сиз ҳозир ижтимоий йўналишлардаги имтиёзлар ҳақида гапириб ўтдингиз. Ўзбекистон ногиронлар жамиятидан Ойбек Исаков ва Фарход Абдурахмановларнинг ёзишича, 2019 йилнинг январидан ногиронлар корхоналари солиқ имтиёзларидан маҳрум этилганлар ва шу сабабли 1 февралга келиб ногиронлиги бўлган 1500 шахс ишдан бўшатилган.
– Биз бу масалани батафсилроқ ўрганамиз. Биз ҳеч қачон ногиронларни иш ўринлари билан таъминлаётган ижтимоий корхоналарга тўсқинликлар яратмаймиз. Уларни ҳузуримизга таклиф қиламиз, ўрганиб чиқамиз ва ногиронлар ўзларини иш билан таъминлаётган бўлсалар, уларнинг имтиёзларини бекор қилмаймиз, аксинча уларга шароит яратишга ҳаракат қиламиз.
– Мен ҳамма саволларни беролмадим. Бу ерда туризмдаги ваучерлар ҳақида, хусусий йўловчи ташуви учун патент, умумовқатланиш корхоналари, солиқ прогнози ҳақида ва яна бир қанча саволлар бор.
– Туризм соҳасида ваучер. Бундай занжир ишлаши учун Давлат туризм қўмитаси ва туроператорлар билан учрашиб, биргаликда масалани ҳал қилиш керак.
Такси учун патент. Йўловчи ва юк ташувлари учун таксистларга бир кунлик, бир ҳафталик, ойлик ва йиллик патентларни жорий қилиш ҳақида таклифлар бор. Бу ерда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш масаласи юзага келади. Тошкентда синов тариқасида лойиҳа тайёрлаш бўйича топшириқ бердик.
Умумовқатланиш корхоналари. Бу соҳада асосий муаммо илгари тизимда барча пул оқимлари кўрсатилмаганлигида деб биламан. Энди назорат қаттиқ бўлади.
Прогнозлаштириш юзасидан саволлар кўп. Бизнинг тизим замонавий жаҳон тажрибасидан бирмунча орқада. Жаҳон банки, бошқа молиявий институтлар мутахассислари билан бир нечта моделни ўрганяпмиз: қайси моделни тадбиқ қиламиз, қайси бири тўғри ва ким, қандай мутахассислар уни жорий қилади.
– Фараз қилинг, сизда ҳозир 400 минг хўжалик юритувчига мурожаат қилишингиз учун имкон бор ва бунинг учун сизга бир дақиқа вақт берилади. Сизнинг уларга айтадиган гапларингиз?
– Авваламбор тадбиркорларга битта илтимосим бор. Белгиланган солиқларни вақтида тўланг. Шунда сизда ҳеч қачон солиқ органлари билан ҳеч қандай муаммонгиз бўлмайди. Ахир бизнинг мақсадимиз камчиликларни топиш ва жазолаш эмас. Қадрли тадбиркорлар, биз сервис-йўналтирувчи хизмат ҳисобланамиз. Биз сиз учун солиқ маслаҳатчиси ва ёрдамчи, бизнес ҳамкор ва консултантмиз.
Биз ёрдам беришга ҳамиша тайёрмиз. Биз ҳеч бир корхона ёпилмаслиги, ҳеч бир ишлаб чиқиш тўхтамаслиги тарафдоримиз. Бу жуда мантиқли, чунки бизга солиқ базаси керак. У қачон бўлади? Қачонки тадбиркорлик ва тадбиркорлар ривожланса, янги иш ўринлари яратилса.
Бахтиёр Насимов, «Daryo» шарҳловчиси
Изоҳ (0)