Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Дилёр Ҳакимов Европа меҳмонхоналар, ресторанлар ва кафелар ассоциацияси (HORTEC) бош ижрочи директори Кристиан де Барри билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Ассоциация Европанинг 30 давлатида фаолият юритувчи 42 та аъзо-ташкилотдан иборат. Кузатувчилар қаторида Грузия, Туркия ва Европага кирмайдиган қатор бошқа давлатлар бор.
Учрашув давомида дунё бўйича туризм 7, Европада эса 8 фоизга ўсгани ҳолда Ўзбекистонга туристлар оқими икки баробар ошгани қайд этилди. Шу боис мамлакатда сайёҳлик хизматларини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришда ҳамкорликнинг йўлга қўйилишидан икки томон ҳам манфаатдор экани айтиб ўтилди.
Бунинг учун Евриттифоқ давлатлари томонидан мамлакатга киритиладиган йирик сармоялар зарурлиги таъкидланди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ошпазлари ассоциацияси раҳбарияти билан конференц-алоқа ўтказилиб, унда бўлажак алоқалар режаси ишлаб чиқилди.
Музокаралар якунида Европа томони Ўзбекистонни ассоциацияга аъзо бўлишга чақирди. Ўз навбатида, HORTEC мамлакатда ўтказиладиган FoodWeek & Horeca Uzbekistan 2019 халқаро озиқ-овқат ва қадоқлаш маҳсулотлари кўргазмасига таклиф этилди.
Изоҳ (0)