Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналари (НКМ) тажриба лойиҳаси ишга туширилади.
Мазкур лойиҳа доирасида маҳсулотларни сотилган вақти ва жойини кўрсатган ҳолда маълумотларни солиқ органларига онлайн узатишни таъминловчи назорат-касса машиналари орқали тушумларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини қўллаш режалаштирилмоқда.
Мазкур тажрибада савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар фискал модулни (уланган қурилманинг ҳисоблаш қувватини ишлатмаган ҳолда фискал маълумотларни криптографик ҳимоясини таъминловчи қурилма) рўйхатдан ўтказганидан сўнг ихтиёрий иштирок этиши мумкин.
Фискал модул зарур дастурий таъминот ва техник ресурслар билан беғараз берилади ҳамда тадбиркорларнинг шахсий маълумотлари ҳимояланади.
Фискал модулни рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркорлар давлат солиқ органларига шахсий кабинетлари орқали мурожаат этади.
Солиқ органлари бир иш кунида фискал модулни рўйхатдан ўтганлиги ҳақида хабарномани юборади.
Тадбиркор беш иш кунида фискал модулни бепул олиб кетади.
Изоҳ (0)