Сурияда ИШИДнинг собиқ пойтахти бўлган Ракка шаҳри яқинида уч ярим мингдан ортиқ кишилар оммавий дафн этилган қабристон топилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Суд тиббий экспертиза хизмати ушбу қабристонни ўрганмоқда.
Ракка шаҳри 2014 йилдан бошлаб ИШИД пойтахти бўлган. У 2017 йилда америкалик коалиция ёрдамида Сурия демократик кучлари томонидан озод этилган. Ҳудуддаги бундай қабристонлар ҳақида ИШИД чекинганидан сўнг маълум бўлган. Бир йил ўтгач эса ал-Фухейха қишлоғидаги биродарлар қабристони борлиги аниқланган.
Қишлоқ ҳудудида якка қабрлар ҳам, юзлаб одамлар дафн этилган биродарлар қабристони ҳам бор. Маълумотларга кўра, ал-Фухейха яқинида уч ярим мингдан ортиқ киши кўмилган. Бир неча минг жасадлар фуқаролик мудофааси ходимлари томонидан қазиб олинган бўлиб, улар қабристонга кўмиш учун кўчирилади.
Тахминларга кўра, улар орасида ИШИД томонидан қатл этилган чет эллик асирлар, шу жумладан америкалик фотожурналист Жеймс Фоули кўмилган бўлиши мумкин. Уни ИШИДчилар 2014 йилнинг август ойида қатл этиб, бу жараённи видеога олиб интернетга жойлаган.
Ракка шаҳридан ташқари ИШИД қурбонлари қабрлари Ироқнинг шимоли-шарқий қисмидаги Синджар ҳудудидан ҳам топилган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)