«Дарё» таҳририятига Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги 2-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқитувчилари номидан мурожаат келиб тушди. Унда қайд этилишича, 2016 йилдан бери мазкур муассасага раҳбарлик қилиб келаётган Гулнорахон Аҳмедовага нисбатан шаҳар халқ таълими бўлими ва вилоят халқ таълими бошқармаси ходимлари ўта жиддий бўлмаган ва исботланмаган айбловлар қўйган. Директор охири лавозимидан кетишга рози бўлиб, ариза ёзган. Ўқитувчилар эса директордан айрилишни истамаяпти. «Дарё» мухбири мазкур мурожаат юзасидан журналистик суриштирув ўтказди.
«Директор талабчанлигига ўқитувчилар чидолмабди-да!»
Андижон шаҳридан 70 километр узоқликда жойлашган Хонобод шаҳрига йўл олар эканман, автоуловдаги ҳамроҳларим билан турли мавзуларда гурунглашиб кетдик. Касбим журналист эканлиги, шаҳардаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчилари номидан ёзилган хатга асосан журналистик суриштирув ўтказиш учун кетаётганимни айтдим. Андижон санъат коллежида таҳсил олаётган 20 ёшлар чамасидаги қиз «Мен ўша мактабда ўқиганман. Гулнора Алибековна жуда ҳам «закончи» аёл эди. Ҳар бир ишга қонунан ёндашарди, жуда талабчан эди. Директор бўлгач, унинг бу характерига охири жамоасидагилар ҳам чидолмай, опадан безиб, ишдан бўшатишда ёрдам сўраб, сизларнинг сайтларингизга мурожаат қилишибди-да», дея фикр билдирди. Унга менинг сўзларимни нотўғри тушунганлигини, ўқитувчилар аксинча, директорни ўз ишини яна давом эттиришини талаб қилиб, аниқ ҳужжатларга асосланмай ишдан бўшашига мажбур бўлганлиги ва шу ҳолатга ойдинлик киритиб, мактабдаги асл ҳолат қандайлигига гувоҳ бўлишимизни сўраб бизга мурожаат қилганлигини айтдим. Буни эшитган ҳамроҳим елкасини қисиб, ажабланди...«Айбим – қонуний ишлаганим»
2-умумтаълим мактабига боргач, ўндан зиёд ўқитувчи ва ота-оналар билан суҳбатлашдик. Директорнинг айтишича, унинг онаси, қайнонаси ҳам шу мактабда ёш авлодга сабоқ берган. Ҳозирда нафақада бўлган қайнотаси ҳам ушбу даргоҳда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритмоқда. Рус тили мутахассислигига эга Гулнора Аҳмедова институтни тамомлагач, дастлаб бир неча йил ўзи ўқиган шу мактабда ишлаган. 1999–2009 йилларда ҳозирги Хонобод сервис ижтимоий-иқтисодиёт коллежида рус тили фанидан дарс берган. 2014 йилгача оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб, 2014 йилнинг январидан ушбу мактабда оддий ўқитувчи сифатида иш бошлайди. 2016 йилнинг 1 августидан эса директор этиб тайинланади.«Хабарингиз бор, ҳар йили май ойида Хонободда катта фестиваль ўтказилади. 2017 йилнинг апрелида – фестиваль бўлиб ўтиши арафасида шаҳар ҳокими йиғилишда мактаб директорларига гуллар учун пул йиғиш кераклигини айтди. Олдин ҳеч бундай «йиғди-йиғди»ларга бош бўлмаганлигим учунми, бунга рози бўлмадим ва «Ўқитувчилардан қандай қилиб пул сўрайман?» дедим. Шу пайт ҳоким мен билан ишлолмаслиги ва мажлисдан чиқиб кетишимни айтди. Назаримда, ўша ҳолатдан кейин ҳоким мени ёмон кўриб қолди. Сиз ҳозир кўриб турган мана бу чала мактаб биноси икки йил олдин таъмирталаб даражада эди. Ўшанда тадбиркорлар бу эски бинони сотиб олиб, цех ташкил қилиш ниятида юришганди. Мактабнинг 1965 йилларда қурилган бу қисми ҳали анча бақувват ва таъмирланса, яна кўп йиллар мустаҳкам туришини билиб, бунга ҳам қарши чиқдим. Тадбиркорларга сотилишидан хабар топган маҳалла аҳли, айниқса, ота-оналардан кўпчилиги 2017 йилнинг январида юқорига мурожаат хати йўллашди. Шундан сўнг мен ҳокимлик вакилларининг баъзиларига яна ёмон кўриниб қолдим. Уч ой ўтгач, апрелда қизимни пойтахтга даволатгани олиб кетдим. Тошкентдан қайтсам, эски бино таъмирланаётган экан. Бу эса бутун жамоани қувонтириб юборди. Аммо мана гувоҳи бўлганингиздек, таъмирлаш ишлари охирига етмай қолиб кетди.
2018 йил август ойида яна қизимни Тошкентга даволатгани олиб бордим. У ердан келиб, фаолиятимни давом эттиравердим. Селектор йиғилишида шаҳар ҳокими орада бир неча маротаба нима сабабдан йиғилишларга кирмаганлигимни сўради. Қонуний меҳнат таътилида бўлганлигим ва шу вақтда фарзандимни пойтахтга шифокорлар ҳузурига олиб борганлигимни таъкидладим. Ҳоким мактабимиз озода эмаслигини айтди. Ваҳоланки, муассасамиз ҳамиша покиза бўлади. Шундай қилиб, ҳоким охири «Йиғилишдан чиқиб кетинг, сиз билан ишламайман», деди. Мен ҳам ўша пайт жаҳл устида у билан ишлолмаслигимни айтдим. Буни тан оламан. Кейинги селектор йиғилиши арафасида шаҳар халқ таълими мудири Розия опага қўнғироқ қилдим. У эса «Ҳоким ҳовуридан тушгунча, йиғилишларга ўзингиз келмай, ўрнингизга ўринбосарингизни жўнатиб туринг», деди. Унинг гапига қулоқ тутиб, ўринбосарим Шаҳнозани юбордим. Бир-икки сафардан кейин менга йиғилишга боришим кераклиги ҳақида умуман хабар бермай қўйишди. Аммо Шаҳноза ҳар бир йиғилишга бориб, келгач, ҳар душанба куни йиғилишдаги гап-сўзлар, янгилик ва топшириқларни бутун жамоа билан маслаҳатлашиб, вазифаларни бир ҳафта ичида бажарамиз.
Шу йилнинг 12 февраль куни тушликдан кейин 14:00 лар чамасида шаҳар халқ таълими мудири ўринбосари Муроджон Ҳурбоев қўнғироқ қилиб, Розия опа вилоят халқ таълими бошқармасида эканлиги ва мени зудлик билан бошқармага боришлигимни тайинлаганлигини айтди. Нима сабабдан эканлигини Муроджондан сўрасам, аниқ жавоб бермай, вилоят халқ таълими бошқармасининг кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ҳамидилло акани телефон рақамини берди ва у билан боғланишимни айтди. Ҳамидилло акага қўнғироқ қилсам, гўшакни кўтармади. Сўнг унга ўзимни таништириб SMS ёздим. Бироздан сўнг менга у кишининг ўзи алоқага чиқди. «Ҳамидилло ака, нима гап? Бошқармага нима мақсадда боришим кераклигини айтинг? Қандайдир ҳужжатларни олайми ўзим билан?» десам, «Йўқ, ҳеч нарсасиз ўзингиз келинг», деди. Сўнг кечки соат 17:00 да бошқарма томон отландим. Бошқармага бориб, Ҳамидилло ака билан унинг хонасида кўришдик. Иккимиздан ташқари ёши каттароқ киши ва бир йигит бор эди. Улар Хонобод шаҳар ҳокими селектор йиғилишларга қатнашмаётганлигимни қайд этиб, вилоят ҳокими номига хат ёзганлиги ва шунга асосан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёзилган хатни ўзимга кўрсатмай, ўқиб беришди. Уларга ўзим ҳам шу талабномани кўзим билан бир ўқимоқчиман дедим. Аммо бунга рози бўлишмади. Шаҳар ва вилоят ҳокими мен билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилинишини исташаётган бўлишса, нима ҳам қилардим, дея директорлик лавозимидан бўшашим ҳақида ўша заҳоти ариза ёзиб бердим. Аммо уларнинг талабномасида селектор йиғилишларига нима сабабдан кирмаётганлигим аниқ кўрсатилмаганлиги мени ҳайрон қолдирди. Бир томонлама фикрларга асосланиб, хулоса чиқаришганига тушунмадим. Мен доим жамоамни ўйлаб, ҳимоя қилиш мақсадида мажбурий меҳнат ва ортиқча «йиғди-йиғди»ларга қарши чиққанман. «Закончи» эканлигим рост. Ҳақ-ҳуқуқимни яхши биламан ва доим қонун бўйича ишлайман. Энг катта айбим ва хатоим шу холос», – деди Гулнора Аҳмедова.
«Яхши инсон ўрнига ҳеч қачон яна яхши одам келмайди»
«Бу мактабда 20 йилдан бери бошланғич синф ўқитувчиси сифатида ишлайман. Гулнора опа директор вазифасида ишлаётганидан бошлаб, биз жамоадагиларнинг кўксига шамол тегди, десам ишонаверинг. Аввалги директорлар ёмон ишлаган, дея олмайман. Аммо улар бизни янада ўз устимизда ишлашга ундашда суст эди. Гулнора опа эса бизни доим изланишга, янгиликлар, замонавий технологиялар орқали дарс ўтишга ундаб туради. Таълим сифати ҳам анча юксалди. Олдинлари хонадаги печкани ўзимиз ёқардик, кўмир ҳиди ҳаммаёқни тутиб кетарди. Опа директор бўлгач, мактабимизнинг қозонхонаси, иситиш тизимлари ишлай бошлади ва доимий равишда назорат қилинади. Директорнинг турмуш ўртоғи инженерлик бўйича тажрибага эгалиги учун иссиқ сувни циркуляция қиладиган моторлар бузилиб қолса, дарров усталарни чақиртириб, созлатади. Алишер Зуфарович Саъдуллаев халқ таълими вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган пайтида мактабимизга келган ва семинар ўтказган. Ўшанда энг чекка ҳудудда шундай мактаб борлигидан ҳайрон қолганлигини билдирган.Биз директорга жуда боғланиб қолганмиз. Бизга ижобий маънода тинчлик бермай, ҳамиша тез-тез ишлаш, янгиликлар яратиш ва таълим сифатини оширишга чорлаб туради. Мактабимизга яна бошқа директор келадиган бўлса, у билан қай даражада чиқишиб кетишимизни билмаймиз. Аммо яхши инсон ўрнига ҳеч қачон яна яхши одам келмаслиги барчамизга аён. Биз директордан рози бўлсак, нима учун бу аёлни кўп сарсон қилиб, ишидан хато излашади. Камчиликлар ҳаммамизда бор. Аммо аста-секин ижобий томонга ўзгаряпмиз-ку. Айби қонунни яхши билгани, Президент ва Шерзод Шерматов томонидан соҳамизда олиб борилаётган ўзгаришларни мактабга ҳам олиб кираётгани холос. Директор жиноят қилмаган, биз ўқитувчилар билан уришиб, безиллатмаган бўлса, уни қайси сабабларга кўра ишдан кетишига ундашди? Айби бўлса, ҳужжатлар ва аниқ фактлар асосида исботлаб беришсин. Меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин, директорга нисбатан ҳайфсан, маошидан 30 фоиз ушлаб қолиш каби дастлабки жазоларни нима учун қўллашмаган? Селекторларга кирмагани, директорлик лавозимини тарк этишига сабаб бўлмаса керак?!», – дейди Муаттар Абдураҳимова.
«Директорнинг ҳиссасини унутмаслик шарт»
«Мен ҳам олдин бу мактабда директор бўлиб ишлаганман. Раҳбар сифатида ўқитувчилар билан ишлаш жуда қийин. Гулнорахон шу лавозимида қолишини талаб қилаётганлигимизнинг сабаби шуки, бу қиз директор бўлганидан сўнг мактабимизда ижобий ўзгаришлар юксала бошлади. Даргоҳимизда таълим сифатига эътибор кучаяётгани боис охирги 3 йил ичида мактаб вилоятдаги 700 га яқин умумтаълим мактаблари орасида 19-ўринга юқорилади. Олдин юзталикка ҳам кирмаганмиз. Шаҳарда эса тоифа борасида ҳам, таълим сифатида ҳам 1-ўриндамиз. Очиқ дарслар, турли семинарлар мунтазам равишда ўтказилиб келинади. Комиссиялар ҳам биринчи бўлиб бизга келишади. Бундан сира нолимаймиз. Ҳамиша ҳар қандай тадбирни ўтказишга тайёрмиз. Тажрибали ўқитувчилар йиғилганмиз. Аммо бундай натижалар устида биз ҳамкасбларни бирлаштириб, янада ишлашга чорлаётган директор турганлигини асло унутмаслик шарт», – дейди физика ўқитувчиси Раънохон Мирзаева.«Бутун жамоага салбий таъсир кўрсатади»
«Қонуний ишлаётган бу директорнинг асоссиз равишда лавозимидан кетиши бутун жамоага салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Бошқа ўқитувчиларда «Қонунга риоя қилиб, ишлаган директор шундай жазоланса, биз ҳам эртага бошқа усуллар билан жазоланамиз экан-да», деган фикр туғилади. Жамоадагилар ҳам дарс сифатига эътибор бермай, кун ўтсинга мактабга келиб-кетади», – деди ота-оналардан вакил Инна Инамова.Мактаб ютуқлари
Директор, ўқитувчи ва ота-оналар билан суҳбатлашгач, 1736 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мактаб фаолияти билан танишдик. Филология фанлари (она тили ва адабиёти, рус ва инглиз тиллари)га ихтисослашган ушбу таянч мактаб жамоаси бир қатор ютуқларга эришган. Даргоҳнинг Олга Тошматова, Нигора Алиева, Муҳайё Умаралиева сингари ўқитувчилари «Йил ўқитувчиси», «Живая классика», «Кенгру», «Юрмала» сингари танловларда қатнашиб, муносиб ўринларни қайд этиб келмоқда. Ўқувчиларнинг аксарияти ҳам фан олимпиадалари, «Билимлар беллашуви» ва бошқа танловларда шаҳар, вилоят босқичларида юқори натижаларга эришмоқда. Мактаб спорт зали, кутубхона ва ошхона ҳам кўнгилдагидек фаолият юритмоқда.Ушбу мактаб ҳудудига МФЙ биноси ва участка нозири учун уй қурилаётганлиги бизни ажаблантирди. Мактаб биносининг эски қисмидаги қурилиш ишларининг чала ҳолатда, қурилиш фирмаси хавфсизликни таъминлаш мақсадида бино атрофини ўраб ҳам қўймаган.
«Орамизда низо келиб чиқмаган»
«2009 йилдан бери ушбу маҳаллага раислик қилиб келаман. Мазкур мактаб бизнинг ҳудудда жойлашган бўлиб, шаҳардаги энг яхши мактаблардан бири ҳисобланади. Ўртамизда яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар қандай тадбир ўтказадиган бўлсак, Гулнорахон ва унинг жамоаси яқиндан ёрдам беради. Орамизда бирор марта ҳам низо келиб чиқмаган. Ҳамкорлигимиз натижасида ёшлар ўртасида жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилгани йўқ. МФЙ биносининг мактаб ҳудудида қурилаётганига келсак, тегишли ташкилот раҳбарлари топшириқларига асосан амалга ошириляпти. Қурилиш ишлари ўтган йили бошланган», – деди «Бунёдкор» МФЙ раиси Муҳаммаджон Аблазов.«Ҳайфсан вилоятдан берилади»
Суриштирув давомида шаҳар халқ таълими бўлими мудири Розияхон Муҳитдинова билан телефон орқали боғланиб, бир нечта саволларимизга жавоб олдик.- Розияхон опа, мактаб фаолияти ва жамоа ютуқлари бошқа мактабларга нисбатан анча ижобий экан. Директорнинг қайси хатти-ҳаракати ёхуд хатолари сабаб унга бундай муносабатлар бўляпти?- Қонуний берилган топшириқларни тўғри қабул қилмайди. Таълимга оид йиғилишларга келмайди. Ўзимиз томонимиздан бериладиган топшириқларни ҳам бажармайди. Ўзича битта раҳбар сифатида фаолият юритади. Ҳеч кимга бўйсунмайди. Айтаман десак, гаплар кўп. Асосий айтадиган фикрларимиз шу холос.
- Селектор йиғилашлари, катта тадбирларга келиши учун шахсан директорнинг ўзига ёзма хабарнома юборганмисизлар?- Йўқ, қўнғироқ орқали огоҳлантирганмиз.
- Топшириқларни бажармаган бўлса, ўзингиз директорга ҳайфсан бериб, бирор марта жазолаганмисиз?- Йўқ, ҳайфсан бермаганман. Вилоятдан берилади.
- Сизнингча, Гулнора Аҳмедованинг ўрнига бошқа директор келса, мактаб нуфузи янада юксаладими ёки пастлайдими?- Бу мактаб азалдан энг яхши мактаб шаҳарда. Билимли, савияси яхши ўқитувчилар йиғилган. Куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этиб, пулини ҳисоб рақамга туширмайди. Ошхона пулини ҳам ўтказмайди. Давлат томонидан қилиб беришини кутиб юради. Боқиманда аёл. Ўзини мақтагани билан ҳеч ҳаракат қилмайди. Сизга ҳозир шуни гапираман холос.
- Директорлик лавозимидан кетиш масаласи вилоят ҳокими даражасига чиқиши шартмиди? Гулнора Аҳмедовага яхши гапириб, йўлга солсангиз бўлмасмиди?- Мен айтдим-ку, ўзига мустақил шахс. «ГорОНО»га ҳам келмайди. Ариза ёзганидан ҳам бехабарман. Мендан маслаҳат сўраса бўларди. Ишлаётган директорни ишдан олиш менга ҳам ҳавас эмас. Шаҳарга келиб хоҳлаган мактабингиздан сўранг, бизда «йиғди-йиғди»лар, коррупцион ҳолатлар умуман йўқ.
- Мактаб ҳудудига МФЙ биноси ва участка нозирига уй қуриляпти экан. Бунга нима дейсиз?- Қаерида? Улар мактаб ҳудудида эмас.
- Биз бориб, ҳолатни кўрдик. Мактаб ҳудудида экан.- Азалдан эски бинода жойлашган.
«Уни ҳеч ким ҳокимиятдан ҳайдамаган»
Розия Муҳитдинова билан суҳбатлашгач, Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруковнинг мазкур ҳолат юзасидан фикрларини олиш ниятида унинг ҳузурига тушриф буюрдик.- Бу аёлнинг сизларга мурожаати уюштирилган ҳолатда бўлган. Ота-оналарни ҳам уюштирган. Кейин вилоят ҳокими селекторларида қатнашмайди. Ҳукумат вакили ва ҳоким таълимга оид ўтказган селекторда қатнашмаслик бўйича ваколати борми уни?
- Биз ариза уюштирилганми ёки йўқми, бундан бехабармиз. Мурожаатга асосан журналистик суриштирув ўтказяпмиз.- Бу уюштирилган. Телефондаги гапларини тегишли идоралар олиб беради. Кураторимиз ҳам ўрганган.
- Директор селекторларга нима сабабдан келмаганлигига ҳеч қизиқдиларингизми?- Қизиқдик. Уни ҳеч ким ҳокимиятдан ҳайдамаган. Шаҳар ҳокими гапирмасидан аввал «Сени ҳокимиятингга кирмайман», деб чиқиб кетган. Бунга ҳамма мактаб директорлари гувоҳ.
- Гулнора Аҳмедовага ариза ёздиришдан аввал огоҳлантирганмисизлар?- Ўзим бориб огоҳлантирганман. Мен буни ичига кириб, дарсларини таҳлил қилганман. У ерда яхши ўқитувчилар бор. Директорнинг объективкаси билан танишсангиз, 2015 йилда мактабга ишга келган. Уч йил Россияда юрган. Хўжайини тадбиркор. Тадбиркорлик бўйича икки кунлаб юриб, ишга келмайди. Давлат ойлик тўлаяпти, шуни оқлаш керакми? Тадбиркорлиги ўз йўлига. Марҳамат, кечки 18:00 дан кейин бемалол қилаверсин.
- Ёзма огоҳлантиришлар бўлганми?- Огоҳлантириш хат асосида бўлмайди.
- Юқорида мурожаатни уюштирилган дедингиз. Аммо биз йигирмага яқин ўқитувчидан фикр олдик.- Бу мактабда 120 нафар ходим бор. 20 нафар ходим фикри билан баҳо бермайсиз-да. Жуда катта мактаб бу. 120 нафар ходимнинг 15 фоизи билан гаплашибсиз. Ўқитувчилар орасида директор томоғини ёғлаб турадиганлар бор. Улар ҳам мактабга кунлаб келмайди. Мактабга оддий фуқаро сифатида боринг, асл ҳолатни биласиз. Кейин бу мактабнинг ҳисобрақамини ҳам текшириш керак. Яқиндан бошлаб, ошхонадан топаётган даромадининг 99 фоизини бизнинг ҳисобрақамга ўтказиши лозим.
- Шаҳар халқ таълимининг бош ҳисобчиси барча мактабларнинг шартномаларини бирга янгилайман, дея жавоб бераётган экан-ку. Шу сабаб улар маблағ ўтказишмаётган экан.- 2016-2017 йилдаги ҳолатни кўриш керак. Мактабга фойдаси тегмайдиган ўқитувчини нима кераги бор? Президент директорлар ҳам тадбиркор бўлсин, деяпти. Агар ҳозир мен қонуний ёндашсам, топшриқларимни кўпини бажармаган. Мактаб ошхонасига кирсангиз, бола саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган нарсалар сотиляпти.
- Масалан, қандай маҳсулотлар сотилаяпти?- Кетчуп, майонезли нарсалар, кофе умуман болага мумкин эмас.
- Бу маҳсулотларни бошқа мактабларда ҳам кўриш мумкин.- Шуларни аста-секин бартараф этаяпмиз...
Суҳбатдошларимизнинг ҳар бири ўз фикри ва ҳақиқатига эга эканлигини кўриб, ўқиб турибсиз. Мактаб ўқитувчилари тақдим этган маълумотларга кўра, муассасада 120 эмас, 87 нафар ходим ишлайди. Гулнора Аҳмедованинг 3 йил умрини Росссияда ўтказганлиги ҳақидаги таъкид эса ўз тасдиғини топмади.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатиб боради.
Изоҳ (0)