Россиянинг Aurus лимузини (кортеж лойиҳаси) Амирликларда бўлиб ўтаётган IDEX-2019 мудофаа халқаро кўргазмасида омма учун ёпиқ бўлган павильонда намойиш этилди. Бу ҳақда «Рамблер/Авто» хабар берди.
Ҳашаматли автомобиль кўргазма меҳмонларига ҳозирча кўрсатилмайди, бироқ репортёрлар бир нечта суратни олишга муваффақ бўлган.
Лимузиннинг биринчи расмий намойиши 18 февраль куни ўтказилиши керак.
Аввалроқ россиялик амалдорлар ушбу автомобилни ишлаб чиқариш Амирликларда йўлга қўйилишини қайд этган.
Саноат ва савдо вазирлигининг раҳбари Денис Мантуров Aurus’ни БААдаги «Tawazun» холдингининг ишлаб чиқариш майдонларида чиқариш мумкинлигини таъкидлаган.
Ушбу компания лойиҳага 110 миллион евро сармоя киритган ва «Аурис» МЧЖнинг 30 фоиз акциясини сотиб олган.
IDEX — БААда қурол ва ҳарбий техникаларни намойиш этадиган халқаро кўргазма ҳисобланади. У ҳар икки йилда Абу-Дабида бўлиб ўтадиган дунёдаги энг нуфузли қуроллар кўргазмасидир. Кўргазма Бирлашган Араб Амирликлари президентининг ҳомийлигида ўтказилади.
Изоҳ (0)