13 февраль куни Канаданинг отлиқ полицияси Ньюфаундленд оролидаги Iceberg Vodka компанияси омборида ўғрилик содир этилгани ҳақида маълум қилди, деб ёзади Meduza.
Ўғрилар олий навли ароқ ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган 30 минг литр атрофидаги айсберг (сузиб юрувчи музтоғ) сувини ўғирлаган.
Ўғрилик қиймати 7-9 минг долларга баҳоланган бўлиб, у ким томонидан ва нима мақсадда содир этилгани номаълум.
Полиция тахминига кўра, ўғрилик якшанба куни содир этилган. Ўғрилар омбор ҳудудидаги дарвоза ва омборнинг ўзини очишган ва афтидан сувни автоцистернада олиб кетган.
Iceberg Vodka раҳбари Дэвид Мейерснинг айтишича, қулфни очиб, сувни қуйиб олишганига қараганда жиноятчилар омборхона қандай тузилишини билган.
Айсберг суви тозалиги учун қимматли ҳисобланиб, уни йилда бир марта май—июнь ойида олиш мумкин. У сувни нафақат Iceberg Vodka компанияси, балки (кам миқдорда бўлса ҳам) пиво, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳам олади.
Ўғирланган сув 150 бутилка ароқ ишлаб чиқариш учун етарди. Энди эса компания ўз захираларини тўлдириш учун баҳорнинг охиригача кутишга тўғри келади.
Аммо омборда яна 20 цистерна сув бўлиб, Майерснинг фикрича, содир бўлган ўғрилик ишлаб чиқариш тўхтаб қолишига олиб келмайди.
Ўғирланган сув суғурталанганлиги учун етказилган молиявий зарарни қоплаб олиш мумкин.
Изоҳ (0)