Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Кимнингдир хабари бор, кимдир бехабар, яқинда янгилик сайтлардан бирида Самарқанд вилоятида чет элга чиқиш паспортлари берилиши билан боғлиқ жараён танқид қилинган. Ўша мақола муаллифи томонидан қуйидаги саволлари қўйилган: «Нега Самарқанд вилоятида хорижга чиқиш паспорти фақат бир жойдан — Самарқанд шаҳрининг ўзидан бериляпти? Катта навбат юзага келяпти. Мана Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманда бериляпти. Самарқанд вилоятида ҳам барча туманларда берилса бўлмайдими?».

Фото: «Zamin.uz»

Фото: «Zamin.uz»

Мақола сўнггида муаллиф тахминий ҳисоб-китоблар асосида, агар вазият ўзгармаса, паспортлар учун навбат 20 йилга чўзилиши мумкинлигини айтган.

24 январь куни айнан шу масалани ўрганиш учун Самарқанд вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига ташриф буюрдим. Борсам, ҳақиқатан навбат катта экан. Шундан сўнг бошқарма ходимларидан бирига ўзимни таништириб, нима мақсадда келганимни айтдим. Олдинига у маълумотларни фақат вилоят ИИБ матбуот хизмати орқали олишим мумкинлигини айтди. Унга яқинда сайтлардан бирида шу мавзуда танқидий мақола чиққанини, ўша мақола туфайли айримларда хорижга чиқиш паспорти олиш жараёни ҳақида турли нотўғри тушунчалар шакллангани, шу учун бу мавзу ўрганилиб, одамларга маълумот берилиши лозимлигини тушунтирганимдан сўнг исмини сир сақлаш шарти билан мени жараён билан таништирди ва бир қанча маълумотларни берди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Ҳужжат топшириш ва суратга тушиш ишларида таниш-билишчиликка йўл қўймаслик мақсадида бармоқ изи оладиган сканер ва суратга тушириш ишлари катта залда, шундоқ одамлар кўз ўнгида амалга оширилмоқда. Жараён билан навбатда турган одамларни озгина тўсиқ ажратиб турибди холос.

Шунингдек, шу пайтгача бармоқ изини оладиган сканер ва суратга тушириш ускунаси иккита экан, учинчисини ўрнатишяпти. Бир-икки кунда у ҳам ишлашни бошлайди. Ҳозир иккита ускунада кунига 350 фуқаронинг ҳужжатлари қабул қилинаётган бўлса, учинчи ускуна ишга тушса бу миқдор яна ортади.

Иш вақти эрталаб 8:00 дан кечки 20:00 гача давом этади.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Яна бир муҳим нарса. Олдинлари четга чиқиш стикерлари олиш учун ҳафтанинг уч кунида фақат ҳужжат қабул қилиниб, қолган уч кунида ҳужжат тарқатилган бўлса, хорижга чиқиш паспортига ҳужжат узлуксиз олти кун давомида қабул қилинмоқда.

Яна бир муҳим янгилик шуки, йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб хорижга чиқиш паспорти учун ҳужжатлар ҳар бир туманнинг ўзида қабул қилинади. Ҳозир шу жараёнга тайёргарлик ишлари давом эттирилмоқда экан.

Ўша ходимнинг менга тушунтиришича ҳозирги катта навбатлар узоққа бормайди ва тез орада вазият анча ўнгланиб одамлар узоқ навбат кутмасдан ҳужжат топшириш имкониятига эга бўлади. Сабаби, хорижга чиқиш паспортлари берила бошлаганидан ушбу ҳужжатни олишни хоҳлаган аксарият фуқаролар худди бу иш озгина ишлаб кейин тўхтатилиб қўйиладигандай бирданига ёпирилиб ҳужжат топширишга шошилди. Уларни ҳам тўғри тушунса бўлади. Бир-икки ой ичида кўпчиликнинг ҳужжати қабул, қилиниб паспортлари топширилгач, узоқ навбат кутишлар ўз-ўзидан йўқолади. Қолаверса, йилнинг иккинчи ярмидан ҳужжатлар ҳар бир туманнинг ўзида қабул қилина бошланса, навбат кутишлар умуман бўлмайди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтаман, жорий йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини (ОВИР) расмийлаштириш тартиб-тамойили бекор қилиниб, хорижга чиқиш учун биометрик паспортлар бериш (хорижга чиқиш паспорти) тизими жорий этилди.

Ҳозирги паспортлар билан хорижга 2021 йилгача чиқиш мумкин бўлади. Шу йилнинг 1 январигача расмийлаштирилган стикерлар эса уларда кўрсатилган муддатгача амал қилади ва эндиликда рухсатнома ёзуви стикерлари ўрнига хорижга чиқиш паспорти бериляпти.

Бу паспортдаги рухсатнома ёзувининг стикерларидан афзал томони унинг 10 йил муддатга берилишидир. Маълумки, рухсатнома ёзуви стикерлари 2 йилгача амал қиларди. Чет элга тез-тез чиқадиган фуқаролар учун бу ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқарарди.

Хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 120 фоизини ташкил этади. Яъни, бу кўрсатгич 2019 йил 1 январь куни ҳолатига 243 276 сўмни ташкил этмоқда. Фақатгина 16 ёшга етмаганлар ушбу сўмманинг 80 фоизини (162 184 сўм), Ўзбекистонда яшовчи, аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар эса ёшидан қатъий назар энг кам иш ҳақининг 100 фоизини (202 730 сўм) тўлаши лозим. Хорижга чиқиш паспортини олиш учун давлат божининг қиймати юқорилиги унинг узоқ муддатга берилиши билан изоҳланган.

Паспорт 10 иш куни давомида тайёрланади ва халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Хусусан, ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати туғилган кунидан 1 ёшгача 2 йил, 1 ёшдан 16 ёшгача 5 йил, 16 ёшдан катта бўлган шахсларга 10 йил этиб белгиланган. Шунингдек, янги тартиб-қоидаларга асосан, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган қизлар билан суҳбат ўтказиш тартиби бекор қилинган ва улар умумий асосда хорижга чиқиш визасини олишлари мумкин. Қолаверса, 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар хорижга ота-оналари ёки васийларнинг нотариал тасдиқланган рухсати билан ҳамроҳсиз чиқиш ҳуқуқига эга.

Хорижга чиқиш биометрик паспортлари тўқ қизил рангда бўлиб, 48 бетдан иборат. Унинг варақларида мамлакатнинг тарихий-меъморий ёдгорликлари акс этган. Бундан ташқари, хорижга чиқиш паспорти сув белгилари, ранги ўзгарувчи бўёқ, муарли эффект, металлаштирилган ҳимоявий ип, ламинациялаштирилган плёнка ҳамда паспорт қобиғига жойлаштирилган электрон чипдан иборат.

Ғайрат Йўлдош

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
Украина 2 та аэродромга дронлар билан зарба беришга уринди — Россия Мудофаа вазирлиги
Маҳаллий
Ўзбекистонда ноябрь ойида қанча чақалоқ туғилгани маълум бўлди
Маҳаллий
«Меҳнати кўп бўлса-да, маоши кам, олган пули ҳалол бўлсин». Жамоатчилик электр монтёрларни олқишламоқда