Ижтимоий тармоқларда ёш йигитнинг Тошкент шаҳар ЙПХ инспекторига қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этгани акс этган видео тарқалди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа жорий йилнинг 25 январь куни соат тахминан 14:00 да Тошкентнинг Навоий кўчаси жойлашган Тошкент Кимё технология институти қаршисида содир бўлган. Унда ЙПХ инспектори Matiz ва Cobalt машиналари ҳайдовчиларининг йўл қоидасини бузганлигини аниқланган.
Cobalt машинасини транспорт воситалари тўхташ тақиқланган йўл белгиси қўйилган жойда тўхтатган ушбу институтнинг 4-босқич талабаси 25-ёшли Сардоршайх Ю., ЙПХ инспекторига ўз хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилган.
Яъни, инспектор қўлидан рация, Matiz машинаси ҳайдовчисига нисбатан тузилган маъмурий баённома ва унга қарашли ҳайдовчилик гувоҳномасини тортиб олган.
Сардоршайх Ю. инспекторга ҳақорат сўзлар айтиб уни жанжаллашишга ундаган ва буларнинг барчасини телефонида видеога олган. Воқеа жойига етиб келган Миллий гвардия ва ИИББ ходимлари Сардоршайх Ю.ни ички ишлар таянч пунктига олиб кетган.
Тўпланган маълумотлар Шайхонтоҳур тумани прокуратурасига етказилган бўлиб, Сардоршайх Ю.га қарши жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)