2018 йил 27 июнидан 31 декабрига қадар Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 10 минг тупдан ортиқ дарахтни кесиш бўйича мурожаат тушган. Бу ҳақда бошқарма бошлиғи Нодир Юнусов Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар берди «Дарё» мухбири Севара Нишонова.
«Шулардан 3 201 туп дарахт сақлаб қолинган. 1 899 туп дарахт ‘Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғри-сидаъи Қонуннинг 37-моддаси 3-қисмига асосан тўловсиз қирқилган. 388 туп дарахт давлат аҳамиятига эга бўлган объектлар қурилиши муносабати билан қирқилган. 3 840 дона дарахт эса 1 миллиард 44 миллион 908 минг 436 сўмлик тўлов пули эвазига юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига кўра қирқилган», — дейди Нодир Юнусов.
Нодир Юнусовнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда «Шаҳардаги дарахтлар бўйича стратегия» ишлаб чиқилган. Бу лойиҳа аслида стратегиянинг дастлабки хомаки кўриниши бўлиб, уни мутахассислар ва илмий институт ходимларининг таклифлари асосида тўлдириш, кенгайтириш талаб этилади. Ҳозирда МДҲ давлатлари шаҳарларида мавжуд лойиҳавий ишланмалар андоза сифатида ўрганиб чиқилмоқда. Янги стратегия август ойига қадар Тошкент шаҳри миқёсида тасдиқланиши режалаштирилмоқда.
«Тошкент шаҳрида кўкаламзорлаштириш концепцияси мавжуд эмас. Бизга шундай концепция керак, у нафақат дарахтларни экиш ва парвариш қилиш, балки мавжуд барча дарахтларни муҳофаза қилиш, санитар тарзда, дори воситаларидан фойдаланган ҳолда соғломлигини сақлаб қолиш каби долзарб масалаларни ҳам қамраб олиши лозим», – деди Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусов.
Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутасаддиларининг билдиришича, дарахтларнинг ноқонуний кесилишини бартараф этиш борасида 2 та вазифа кўзда тутилган.
Биринчидан, ягона маълумот алмашиш тизими йўлга қўйилади. Бу тизим орқали ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс мурожаатларини бошқарманинг маълумотлар базасига жўнатиши мумкин бўлади. Туманларда ташкил этилган инспекция ходимлари мурожаатда кўрсатилган ҳудудга оператив тарзда, ярим-бир соат ичида етиб боради ҳамда белгиланган тартибда чора кўради.
Иккинчидан, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси 15 февраль куни ишга тушадиган расмий сайтида дарахтларни кесиш учун берилган рухсатномалар ҳақида ўз вақтида ва тўлақонли маълумотлар жойлаштириб борилади.
Изоҳ (0)