Тошкент вилояти Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг гемодиализ бўлими фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, тиббиёт ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, айни пайтда вилоятда 430 нафардан ортиқ, жумладан, Бекобод шаҳри ва туманида 60 нафар сурункали буйрак хасталиги ва буйрак етишмовчилиги билан оғриган бемор бўлиб, шу пайтга қадар улар пойтахтимиз ва вилоят марказида жойлашган нефрология ва гемодиализ бўлимларига қатнашга мажбур бўлган.
Шаҳарнинг «Металлург» шифохонасида иш бошлаган мазкур бўлимга 10 ўринли сув тозалаш мосламаси, 5 та «сунъий буйрак» аппарати ўрнатилиб, беморларга хизмат кўрсатишга шай ҳолатга келтирилди.
Маълумотларга кўра, ўтган қисқа вақтда вилоятга бюджет маблағлари асосида 1 та сунъий сув тозалаш мосламаси ва 10 та «сунъий буйрак» аппарати ажратилган. Бундан ташқари, ички имкониятлар ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан вилоятдаги бир неча шифо маскани, жумладан, Чирчиқ шаҳридаги гемодиализ бўлими 2 та, Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси 3 та «сунъий буйрак» аппарати билан таъминланган.
Изоҳ (0)