Тошкентда «Яндекс.Тирбандликлар» светофори ишга туширилди. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Сайтнинг бош саҳифасида, «Навигатор» ва «Яндекс.Карталар»да йўлларнинг умумий ҳолатини акс эттирувчи светофор пайдо бўлди. 0 дан 3 баллгача — йўллар очиқ (ҳаракатланиш эркин), 4-6 — ҳаракат қийин, 7-10 — жиддий тирбандликларни англатади. Светофордаги маълумотларга қараб автомобилда ҳаракатланиш керак ёки йўқлигини билиб олиш мумкин.
Кўчаларда тирбандликлар қай даражада эканлигини баҳолаш учун «Яндекс» турли манбалар маълумотларидан фойдаланади. Оммалаштирилган ва умумлаштирилган маълумотлар «Яндекс.Карталар», «Яндекс.Навигатор» ва ҳамкор компаниялар автомобилларидан олинади. Маълумотлар фақат автомобилнинг жойлашуви, йўналиши ва тезлигини кўрсатади. Тизим автомобилнинг тезлигидан келиб чиқиб тирбандликда тургани ёки одатдагидай кетаётганини англайди.
Йўл тирбандлигини аниқлаш тизими ишга туширилиши билан «Яндекс» Тошкент кўчаларида вазият қандай ўзгарганини аниқлади.
Иш кунлари шаҳардаги тирбандликлар соат 7:30 дан кейин ўсиб боради ва эрталаб тўққиз атрофида авжига чиқади. Кечки тирбандлик соат 17:30 дан кейин бўлади. Ҳайдовчилар учун энг оғир вақт 18:20 дан 19:10 гача, тирбандлик 7 баллгача етади.
Изоҳ (0)