Андижон шаҳридаги «Эски шаҳар деҳқон бозори»нинг кириш қисмида Андижон давлат тиббиёт институти ҳамда Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши ҳамкорлигида аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, фавқулодда ҳолатларда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, шифокор тактикаси, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида оммавий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати «Дарё»га хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи институт бошланғич ташкилоти фаоллари томонидан миокард инфаркт, қандли диабет, синиш, куйиш каби ҳолатларда шифокор келгунга қадар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари ҳамда мутахассис ёрдами саҳна кўриниши орқали намойиш этилиб, атрофлича изоҳлаб берилди.
Аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи буклетлар тарқатилди. Турли касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш борасида савол-жавоблар ҳам бўлди.
Фуқаролар томонидан қизиқиш билан қарши олинган мазкур тадбирни келгусида вилоятнинг шаҳар ва туманларида, аҳоли гавжум жойларда ҳам ўтказиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)