Россия президенти Владимир Путин 17 январь куни бир кунлик ташриф билан Сербияга келди, унинг самолёти Белграднинг «Никола Тесла» аэропортига қўнди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Путинни самолёт трапида Сербия президенти Александр Вучич фахрий қоровуллар ротаси билан кутиб олди.
Кун давомида икки мамлакат етакчилари дастлаб тор доирада, сўнгра делегацияларнинг кенгайтирилган таркибида музокаралар ўтказади. Ташқи сиёсат, энергетика, саноат кооперацияси, темирйўл инфратузилмаси, ижтимоий ҳимоя, таълим, рақамли технология, инновациялар, космик бўшлиқни тадқиқ этиш каби соҳаларни қамраб олувчи 20 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатнинг имзоланиши кутилмоқда.
Шунингдек, РФ президентининг Босния ва Герцеговина президиуми раиси Милорад Додик билан учрашиши кутилмоқда.
Путиннинг ташрифи Сербияда катта қизиқиш уйғотди. Бундан аввал Россия етакчиси 2014 йилнинг октябрида Белградга ташриф буюрган эди.
Изоҳ (0)