Хитойда маҳаллий ҳукуматни танқид қилган Twitter фойдаланувчилари полициячиларнинг таҳдиди ва узоқ муддатли сўроқларига ва ҳатто бир неча кунлик қамоқ жазосига ҳам дуч келмоқда, деб хабар берди «TJournal».
Хабарда айтилишича, жабрланган хитойликларнинг тўққиз нафари билан ўтказилган интервью ва сўроқлардан бирининг тўрт соатлик аудиоси бунга манба бўлиб хизмат қилган. Журналистлар уларнинг ҳикояларидаги бир неча ўхшаш тафсилотларни аниқлаган. Масалан, полициячилар одатда твитларни қоғозга чиқариб, фойдаланувчиларга кўрсатган ва уни ўчириб ташлашни ёки аккаунтни ўчиришни талаб қилган.
Жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, уларга таҳдид қилинган ёки жисмоний куч ишлатилган. Маҳаллий фаоллардан бири эса унинг қўл-оёғини стулга боғлаб, етти соат давомида қўйиб юборишмагани, шундан сўнг бошқа ҳеч қачон Twitter’га кирмасликка ваъда берганини айтиб берган. Жабрланганлардан яна бири эса твит сабабли 15 кун қамоқда ўтирган.
Хитой расмийлари бу ҳолатга изоҳ беришдан бош тортди, Twitter вакили ҳам бунга муносабат билдиришни хоҳламади.
Ғарбнинг бошқа сервислари каби Twitter ҳам Хитойда блокланган, бироқ маҳаллий аҳоли прокси-сервер ёки VPN орқали ундан фойдаланишда давом этмоқда.
Изоҳ (0)