«Тошкент шаҳрида замонавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Мазур инвестиция лойиҳаси «Imperial Jewelry Inc» (АҚШ) томонидан уч йиллик даврда киритиладиган 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Лойиҳани амалга ошириш муддати якунигача маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 10 тоннагача етказилади ҳамда 100 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.
Қарорга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 апрелигача «Ўзбекзаргарсаноат» ишлаб чиқариш базасига эга бўлган корхоналарда қимматбаҳо металлар ёмбиси ишлаб чиқариш, заргарлик буюми ишлаб чиқарувчи корхоналарга лизинг асосида қимматбаҳо металлар берилиши механизмини жорий этиш ҳамда қимматбаҳо металлар парчаси ва қайта ишланган қимматбаҳо тошларни юридик ва жисмоний шахслардан шартнома асосида сотиб олиш ҳуқуқини бериш бўйича таклифларни ҳукуматга киритиши лозим.
Изоҳ (0)