Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Киритилган ўзгартишларга мувофиқ, судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзларнинг бир қанчаси бекор қилинди.
Хусусан, қуйидагилар эндиликда судларга мурожаат қилганида давлат божи тўлайди:
Фуқаролик ишлари бўйича судларда:
Даъвогарлар — муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлардан, шунингдек ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номига, селексия ютуғига бўлган ҳуқуқдан келиб чиқадиган даъволар юзасидан;
Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ бўлмаган ишлар бўйича апелляция ва кассация шикоятлари билан мурожаат қилган шахслар.
Иқтисодий судларда:
Қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар — тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;
Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари — мажбурий бадалларни тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;
Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари — шартномалар уй-жой-коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар томонидан бажарилмаганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича.
Шунингдек, қонун билан маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод этиладиган тоифалар тасдиқланди. Жумладан, адлия органлари томонидан давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берадиган аризалари юзасидан давлат божи ундирилмайди.
Изоҳ (0)