Самарқанд халқаро аэропортига «Шеремьетово–Самарқанд» йўналишидаги 1874-сонли авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон фуқароси У.Н. «яшил» йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганда, унинг сумкаси ичидан 5 та конвалютада бўлган жами 47 дона «Алпразолам» номли таблеткалар борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
Эксперт-криминалистика экспертиза хулосасига биноан «Алпразолам» таблеткалари Ўзбекистонда муомалада бўлиши чекланган психотроп моддаларнинг рўйхатига мувофиқ чегараланган психотроп моддалар туркумига кириши маълум қилинган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарорига кўра «Алпразолам» моддаси Ўзбекистонда муомалада бўлиши чекланган психотроп моддалар рўйхатига киритилган.
Изоҳ (0)