Япония узоқ йиллардан буён бутун дунё учун очиқ мамлакат ҳисобланса ҳам, шу кунга қадар хорижлик сайёҳлар учун кириш тақиқланган жойларга эга. Бу жойлар япон императорларининг дафн қилинган жойлари бўлиб, у ерга мамлакат фуқаролари ва олимларга ҳам кириш тақиқланган. Улар император кофунлари деб аталади ва қўрғонлар шаклида қурилган, деб ёзмоқда TravelAsk.
Япония ҳудудида 10000 дан ортиқ қабр қўрғонлар аниқланган. Улар милоддан аввалги III асрдан бошлаб, милоднинг VII асрига қадар қурилган. Мазкур қадимий иншоотлар асосан ярим айлана ёки тўғри тўртбурчак шаклида барпо қилинган. Милоднинг III асридан бошлаб қурилган классик кофунлар эса қулф тешиги шаклига эга. Кўплаб классик кофунлар қурилган милоднинг III—VII асрлари Япония тарихида Кофун даври ёки қўрғонлар даври деб аталади. Периметри 200 метрдан ортиқ бўлган асосий йирик кофунлар Нара водийсида жойлашган Нара ва Осака префектуралари яқинида жамланган.
Классик кофун бир нечта даражадан иборат бўлиб, даражалар сони унда дафн қилинган кишининг мақомини кўрсатади.
Майдони бўйича энг йирик ва энг машҳур кофун Осака префектурасидаги Сакаида жойлашган император Нинтокунинг қабри ҳисобланади. Император Японияни милоднинг IV асрида бошқарган. Кофуннинг узунлиги 486 метрни, баландлиги 33 метрни ташкил қилади. У еттита даражадан ташкил топган ва атрофи сувли чуқур билан ўралган. Тепаликнинг ўзини ўрмон қоплаган бўлиб, у ерда ҳайвонлар ҳам яшайди.
Изоҳ (0)