2018 йил якунига етиб бормоқда. Бу давр ичида ўзбек ахборот майдонининг ўсиши ва ривожланиши давом этди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, блогерлар, журналистлар, айниқса онлайн-нашрлар фаоллашди, кўплаб долзарб масалалар кўтарилди, жанжалли вазиятлар юзага келди. Олдинги йиллардан фарқли бир жиҳат — бу жараёнларнинг бари ОАВда ёритиб борилди, ижтимоий тармоқларда омма фикр билдирди. Бу ўз самарасини бериб, айтилган фикрлар инобатга олинди, кўпгина масалалар ё ечимини топди, ё керакли чора-тадбирлар кўрилди. Бир сўз билан айтганда, халқ муносабати, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали айтилган фикрларга тезкорлик билан муносабат билдирилиши ўтган йиллардан кўра ижобий томонга ўзгарди, тармоқларда халқ тилга олган муаммоларнинг анчаси ечимини топди. Ечимини топмаган масалалар ҳам қолди албатта. Энг муҳими — долзарб масалаларни кенг муҳокама қилиш одатий тус олди.
«Дарё» нашри йил давомида рўй берган ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган воқеаларни эсга олиб ўтишга қарор қилди.
Ақтўбе фожиаси, Фарғона вилояти ҳокими ва тошлоқликлар
Йилнинг бошида — 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ўзбекистонлик йўловчиларни олиб кетаётган автобус ёниб кетди. Фожиа оқибатида Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ҳалок бўлди. Қурбонларнинг 16 нафари Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан эди.
Ақтўбе фожиаси юзасидан ўтказилаётган йиғилишда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошлоқликларни «ҳароми» деб сўкди. Туман ҳокимига эса, агар у мард бўлса, «залдан чиқиб, йўқолиб кетишни» тавсия қилди.
Бу воқеа шов-шувга сабаб бўлиб, ҳокимнинг имижи кескин ёмонлашишига олиб келди. Шунга қарамай, у ўз мансабини сақлаб қолди.
Дарвоқе, Ақтўбе фожиаси қурбонларининг яқинларига ёрдам бериш учун ижтимоий тармоқларда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ташаббуси билан акция уюштирилди. Тўпланган маблағ жабрдийдаларга етказилди.
Каттақўрғонлик ўқитувчи Диана ва мажбурий меҳнат муаммоси
Март ойида Самарқанд вилоятига Президент ташриф буюриши арафасида мактаб ўқитувчилари ҳашарга олиб чиқилди. Мана шундай ишга жалб қилинган ўқитувчилардан бири — каттақўрғонлик 23 яшар Диана Еникеева «Камаз» юк машинаси уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди.
Фожиа ўзбек жамиятини тўлқинлантириб юборди. Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар тинмади, онлайн нашрлар воқеаларни батафсил ёритиб борди, айбдорларни жазолаш талаб қилинди. Фожиа учун жавобгар идоралар ва мансабдорлар журналистлар ва блогерлар томонидан кескин танқид қилинди.
Депутатлар ва давлат амалдорлари ҳам четда турмай, ўз фикрларини билдирди. Депутат Қодир Жўраев биринчилардан бўлди. Воқеа юзасидан суриштирув ўтказилиб, чора кўрилиши ваъда қилингандан сўнг бош вазир Абдулла Арипов, сўнг Президент ҳам фожиага муносабат билдирди (1, 2).
Диана Еникееванинг ўлими туфайли мажбурий меҳнат масаласи кун тартибига келди, бундай ҳолатларнинг олдини олиш йўлида реал қадамлар ташланди.
Диананинг ўлимида айбдор шахслар ишдан олинди ва жавобгарликка тортилди. Балки тасодифдир, лекин орадан икки ой ўтиб, давлат раҳбари халқ таълими вазирини бутун жамоаси билан алмаштирди. Унинг ўрнини Шерзод Шерматов эгаллади. Бу тайинлов ижтимоий тармоқда катта хурсандлик билан қарши олинди; Шерматовга ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томнидан ҳам катта ишонч билдирилди.
Қаҳрамон Қуронбоев ва кортеж воқеаси
Навбатдаги можаро марказида Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев бўлди — у ўзбек ахборот майдонидаги икки ойлик сукунатни портлатиб юборди. У 5 июнь куни ОАВ вакиллари билан учрашув ўтказганида дабдабали тўйлар масаласига тўхталиб ўтди. Бу муаммонинг ҳал бўлишига қўшган ҳиссаси ҳақида гапираркан, Қуронбоев водийда тўй кортежини тўхтатгани ҳақида сўзлаб берди:
Андижон, Фарғона ва Наманганда юрганимда кўчада тўй кортежини кўриб қолдим. Шунда машиналарни ҳаммасини тўхтатдим-да, келин билан куёвни тушириб, таксига ўтқазиб, жўнатиб юбордим. Қолган машиналарни эса орқага қайтардим. Шунақанги дабдаба энди, кўчада ҳеч кимга йўл бермайди. Майли, мени ёмон кўрсин, Ёшлар иттифоқининг вилоят бўлими раҳбарини ёмон кўрсин, лекин тартиб керак-ку! Агар ёшларни биз тарбиялай олмасак, Ёшлар иттифоқи тарбиялай олмаса биз жойимизни бўшатиб беришимизга тўғри келади.Бу воқеа жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлди. Бу одамларнинг шахсий ҳаётига аралашиш сифатида баҳоланди. «Kun.uz»да журналист Азиз Қаршиевнинг «Ўзбекистонлик ёшлар Ёшлар иттифоқининг йўлтўсар раисидан истеъфо сўрайди» номи остидаги резонансли мақоласи эълон қилинди. Қуронбоевнинг ўзи «Kun.uz»га интервью бериб, унда ўз хатти-ҳаракатларини оқлашга уринди.
Орадан бир муддат ўтиб, Шавкат Мирзиёев Ёшлар иттифоқи раисини кескин танқид қилди. Август ойининг охирида Қаҳрамон Қуронбоев Президент маслаҳатчиси лавозимидан кетди.
Каттақўрғонлик аёлнинг ички ишлар бўлимида таҳқирланиши ва Хотин-қизлар қўмитасининг фаоллашуви
Июль ойида Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳрида ички ишлар ходими майда жиноят устида қўлга олинган аёлни идорада ҳақоратлаб, ечинтириб, жараённи видеога олган эди. Видеолавҳа интернетда тарқалиб, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ғазабини қўзғатиб юборди. Жиноятга қўл ургани ҳали исботланмаган, ҳолбуки айбдор бўлса, суд жазо тайинлаши лозим бўлган, фуқаро сифатида ҳуқуқлари бузилган ва таҳқирланган бу аёлни жамоатчилик ҳимоя қилди.
Ниҳоят Хотин-қизлар қўмитаси фаоллашди — Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоевадан воқеага муносабат билдиришни талаб қилишди. У дастлабки чиқишида «бу ҳолат мутлақо ички ишлар идоралари фаолиятига дахлдор эмас» деган жумла кўпчиликда таажжуб уйғотганди. Иккинчи сафар Норбоева қатъийроқ позицияда турди:
Ҳурматли юртдошлар! Самарқандлик синглимизга қилинган қўпол муносабатни мен аёл сифатида, қўмита раҳбари сифатида кескин қоралайман. Шу кимсанинг жазоланиш жараёнини албатта шахсий назоратимга оламан. Суд жараёнида ҳам албатта вакилларимизнинг қатнашиб, аёл шаънини ҳимоя қилинишини таъминлайман. Бундай ҳолат қайтарилмаслиги юзасидан ички ишлар вазирлиги билан музокаралар ташкил қилинишини маълум қиламанАёлни таҳқирлаган ички ишлар ходими ишдан бўшатилиб, унга нисбатан жиноий иш очилди. Судни олиб борган вилоят суд раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиев айбланувчини 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этди.
Жабрланган аёлга ёрдам бериш учун журналист Каримберди Тўрамурод томонидан хайрия акцияси ташкил қилинди. Танзила Норбоева аёлнинг уйига ташриф буюрдил; аёлга психолог ва адвокат бириктирилди, шунингдек, у иш билан таъминланди.
Жамшид Кенжаевнинг пичоқланиши, тунги клубларга чеклов қўйилиши ва маънавият ҳақида баҳслар
8 августдан 9 августга ўтар кечаси Юнусобод туманидаги Aurum 898 тунги клуби олдида жанжал оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, 25 ёшли Жамшид Кенжаев оламдан ўтди. Жамшид Кенжаевнинг ўлимида айбланиб Aurum 898 тунги клубининг 4 қўриқчиси қамоққа олинди. Aurum 898 клуби ёпиб қўйилди, тунги клублар эса 23:00 дан кейин ишламайдиган бўлди.
Мавзуга доир:
Макаренконинг фикрлари ЎзА, «Qalampir.uz» каби нашрларнинг норозилигига сабаб бўлди, жавоб мақолалар эълон қилинди. Натижада маънавият тушунчаси ҳақидаги очиқ-ойдин баҳслар биринчи марта ОАВда акс этди, жумладан, маънавият тарғиботига қарши фикрлар ҳам янгради.
Икки Шерзод ўртасидаги мунозара ва мактаб ўқувчиларининг телевидение орқали камситилиши
Халқаро пресс-клубнинг 12 сентябрь куни «Ўзбекистон 24» телеканали орқали эфирга узатилган «Таълим соҳасидаги туб ислоҳотлар даврида ижтимоий масъулият ва муаммоларнинг замонавий ечимлари» мавзусидаги сессияси давомида 110-мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари эфирда берухсат кўрсатилиб, уларнинг формаси танқид қилинди. Ўша сессияда асосий спикерлардан бири сифатида қатнашган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 14 сентябрь куни пресс-клубнинг шов-шувли лавҳасини қоралаб чиқди:Халқ таълими вазирлигидаги фаолиятимнинг бошидаёқ формадан кўра анча муҳимроқ бошқа муаммолар борлиги ҳақида гапириб ўтган эдим. Аммо, афсуски, ҳалигача кўпчилик фақат шу ҳақда гапириб, шунга чалғиб қолмоқда. Ҳаммамиз ўқитувчилар обрўсини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётган бир пайтда ўқувчилар формаси масаласидан ўқитувчининг кийимига ўтиш нотўғри бўлди, деб ўйлайман. Ҳозир юқори малакали ўқитувчиларни топиш шундоқ ҳам қийин. Бундан ташқари, телевидение орқали кимнидир унинг розилигисиз салбий маънода кўрсатаётган пайтда уларни таниб олиш мумкин бўлмаслиги учун, юзларини ёпиш зарур. Цивилизациялашган жамиятда шахснинг, айниқса, болаларнинг омма олдида камситилишига йўл қўйиш мумкин эмас!Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаевнинг вазирнинг баъзи фикрларига қўшилмаслигини билдирди:
Нима учун у ўша куни индамади? Мен унинг фикрларига қўшилмайман. Бу болаларни омма олдида камситиш эмас. Биз мактаблардаги ҳақиқий аҳволни кўрсатдик. Агар жамият буни шундай қабул қиладиган бўлса, демак, бу жамиятнинг муаммоси. Нима учун болаларнинг юзини яшириб қўйиш керак? Биз юзларни яшириб қўйиш орқали кимнидир таҳқирлашни истамаймиз, улар жиноятчилар эмас. Биз уларни айблаётганимиз йўқ.
110-мактаб вакилларининг маълум қилишича, тасвирга олиш гуруҳи душанба куни мактабга келиб, таълим муассасини берухсат съёмка қилишни бошлаган. Шерзодхон Қудратхўжаевдан бу ҳақда сўрашган — мактаб ҳудудида тасвирга олиш учун рухсатнома бормиди? «Бу — давлат мактаби. Давлат телерадиокомпанияси эса уни тасвирга оляпти. Кимдан рухсат сўраш керак?», — деб жавоб берган Қудратхўжаев. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўқувчилар ва ўқитувчилар нафсониятини ҳимоя қилиб, Қудратхўжаэвга эътироз билдирди.
Ариқдаги олтовлон воқеаси ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосарининг ишдан бўшатилиши
27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда шумшайиб турган, кўринишидан зиёли, раҳбарларга хос қўлида блокнот тутган олти кишининг ариқ сувида донг қотган ҳолати тасвирланган сурат тарқалди. Онлайн нашрлар олиб борган суриштирув натижасида маълум бўлишича, воқеа Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида рўй берган. Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев туманга ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнини текшириш учун келган, режа бажарилмаётгани учун жавобгар бўлган, шунингдек, ишда камчиликларга йўл қўйган мансабдорларни жазолаш учун ариқ ичига тушириб қўйган.
«Kun.uz» нашри олиб борган суриштирув натижасида чинакам комедия юзага келди: ариққа тушган шахслар бу ишни ўз ихтиёрларига кўра қилганини айтиб, бир-биридан мантиқсиз тафсилотларни ўртага ташлади. Бу жиҳатдан туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродовнинг ҳикояси қизиқ. Муродовга кўра, воқеа сал бошқача юз берган — яъни у ғаллага сув қуйилмаганини аниқлаган ва жаҳл устида оёқ кийими билан сувга тушган.
«Мана, сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим... Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. ‘Ариқда сув йўқ’, дейилганди. ‘Мана бор’, деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик», — дея бошқа манзарани кўрсатди Шерзод Муродов.Сувга «ўзи англаган ҳолда тушган» ҳоким ўринбосари нега атрофдагилар, хусусан ўзининг қўли боғлиқ турганига изоҳ бермади. Унинг айтишича, «туриш — шунақа».
Шунга қарамай, бош вазир ўринбосарининг айби ошкор бўлди. Дастлаб ижтимоий тармоқларда мансабини суиистеъмол қилган амалдорга қарши ўзига хос флешмоб — Ариқ челленж ўтказилди.
29 октябрь куни эса Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Вазирлар Маҳкамасида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда асосан Оққўрғон воқеаси муҳокама қилинди. Зойир Мирзаев лавозимидан озод этилди, аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ғалабадан қувониб бўлишига улгурмай Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланди.
Дарвоқе, яна икки қизиқ факт бор. Биринчиси — «Ариқдаги олтовлон» сурати Туркиягача етиб бориб, бир маҳаллий газетада чоп этилди.
Иккинчиси — шу сурат билан параллель равишда ушбу ҳолатга ўхшаш, аммо қўлларида кесак кўтарган бошқа олти кишининг сурати ҳам тарқалди. Бу воқеа Бекободда рўй бергани аниқланди, аммо суриштирув якуний хулосалар бермади — кўп саволлар очиқ қолди.
Қасамёд челленж
Ноябрь ойи ҳам интернет фойдаланувчиларини зериктириб қўймади: вилоятларда фермерларга қасамёд ичириш бошланиб кетди. Бу ўзига хос «челленж»ни Сирдарё вилояти бошлаб берди — у ерда фермерлар «нопок ишларга қўл урмасликка» ва яхши ҳосил етиштиришга қасамёд қилди. «Сирдарё ҳақиқати« газетаси жараённи жуда чиройли тасвирлаб берди:
Гулистон шаҳри ҳокимлиги қаршисидаги юрт байроғи майдонида ғалладан мўл ҳосил етиштиришга азм-у қарор қилган Боёвут ва Гулистон туманлари фермерлари ўз аҳдларига, шон-шавкатларига содиқлигини ифодалаб, юрт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшишни, нопок ишларга қўл урмасликни эзгу ният қилиб, қасамёд қабул қилдилар.Вилоятда фермерлардан сўнг шифокорлар ҳам қасамёдга келтирилди. Сўнг эстафетани Самарқанд вилояти илиб кетди — Каттақўрғонда шифокорлар қасамёд қилди. Челленжга охирги бўлиб андижонлик фермерлар қўшилди.
Ташаббуснинг мантиқсизлиги ижтимоий тармоқларда кулги ва ҳазилларга сабаб бўлди, турли мемлар ва латифалар урчиди. Расмий шахслардан сенатор Мақсуда Ворисова қасамёдчиликни танқид қилди.
* * *
Йил давомида бошқа, кичикроқ воқеалар ҳам бўлди. Айнан жамоатчилик, журналистлар ва блогерлар фаоллиги туфайли улар ўз ечимини топди. Жумладан:- «Индиго» телешоусида финалда ҳеч қандай ўрин берилмаган навоийлик математик талант Муҳаммадали Тотлибоев ҳақида ўқитувчи ва блогер Исроил Тиллабоев ёзган мақола шов-шув бўлди. Дастлаб боланинг исмини ҳам билмаган фойдаланувчилар Муҳаммадалининг манзилини ҳам топиб, унга руҳлантирувчи хатлар ва китоблар совға қилиб юборди. У ҳақда газета журналлар мақоалалар ёзди, телевидениеда кўрсатувлар тайёрланди, собиқ халқ таълими вазири у ўқиган синфга бориб суҳбатлашди;
- Йил давомида нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг машҳур оммавий ахборот воситалари нигоҳида турган воқеалардан бири журналист Бобомурод Абдулланинг суд жараёни, судда янграган даҳшатли ҳақиқатлар ва журналистнинг суд залидан озод этилиши бўлди;
- «Troll.uz» каналида Тошкент шаҳрида ўрнатилаётган инсталляциялар аслида Хитойдан буюртма қилинган, жаҳонда машҳур обидаларнинг арзон нусхалари экани фош этилди. Кўтарилган шов-шувдан сўнг қисқа муддатда бу инсталляцияларнинг аксарияти олиб ташланди;
- «Troll.uz» блоги асосчиси Умид Ғафуров Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ётоқхонасида ноутбук ишлатмаслик ҳақидаги хатни Telegram’да танқид қилиб чиққан эди. Бу танқидни ўзларига нисбатан ҳақорат деб билган икки талаба университетнинг бошқа талабаларидан «Troll.uz»нинг Telegram-каналини блоклашга чақириқ билан чиқди. Буни эшитган Умид Ғафуров шу куниёқ университет раҳбариятидан бу масаладан расмий изоҳ сўраб пост ёзди. Воқеалар ривожи узоқ куттирмади — шу куни кечга бориб университет ректори блогер ва икки талабани қабул қилиб, вазиятни келишув билан ҳал қилди. Айтганча, университет талабалари ноутбукдан фойдаланишда давом этмоқда;
- Шу йилнинг яна бир кашфиёти хонанда San Jay бўлди. Аввало, у Шерали Жўравенинг «Карвон кўрдим» қўшиғини замонавийлаштириб куйлади, сўнгра Президентга мурожаат йўллаб, соқоли туфайли унга лицензия берилмаётганини билдирди. Узоқ баҳс ва мунозаралар, ОАВдаги шов-шувли чиқишлардан сўнг яқинда унга лицензия берилди.
Кенг муҳокама қилинган масалалар
Конкрет шов-шувли воқеа-ҳодисалардан ташқари, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар кенг муҳокама қилинди. Ушбу муҳокамаларда, илгаригидан фарқли равишда, муаммолар очиқ айтилди, барча томонларнинг фикри эшитилди. Булар:
- «Ўзбекистон ҳаво йўллари» монополияси;
- ОТМга кириш имтиҳонларини тартибга солиш, қабул квоталари масаласи ва ҳ.к.;
- мажбурий обуна масаласи;
- ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлик маоши ҳамда мажбурий меҳнатга жалб қилиниши масаласи.
Ижтимоий тармоқлар ва онлайн-нашрлардан ташқари, блогерлар ва жамоатчилик фаоллари учун янги муҳокама майдонлари юзага келди. «Фикрлар чорраҳаси» кўрсатуви, «Муносабат» ток-шоуси шулар жумласидандир.
Бунинг натижасида турли соҳаларда озми-кўпми ўзгаришлар рўй берди, чоралар кўрилди, давлат идоралари блогерлар билан ҳамкорлик ўрната бошлади. Ҳатто Президентнинг нутқида блогер Фарҳод Файзуллаевнинг каналидан иқтибос келтирилиши эътибор қай даражада кучайганини кўрсатади. Шундай қилиб, 2018 йилда эришилган энг катта ютуқлар ўзбек ахборот майдонининг шаклланиши, жамоатчилик ва расмий идоралар ўртасида алоқалар йўлга қўйила бошлагани бўлди.
Муаммолар
Тугаётган йилда муаммолар ҳам етарлича бўлди. Айтайлик, пахта мавсумида бюджет ишчиларини ва ўқувчиларни ноқонуний меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кузатилди; «Ўзбекконцерт»нинг хурмача қилиқлари давом этди; кўпгина соҳалардаги монополия, танқидларга қарамай сақланиб қолмоқда. Мактаб формаси масаласи ҳам кўп мунозараларга сабаб бўлди, лекин ечимлар топилмади.
Бир гуруҳ блогерларнинг ҳибсга олиниши, шунингдек, Facebook, YouTube каби йирик ресурсларнинг ишламай қолиши жамоатчиликнинг хавотирига сабаб бўлди. Ушбу сайтларнинг очилиши, шунингдек, интернет сифатининг пастлиги билан боғлиқ муаммолар ҳалигача ечимини топгани йўқ.
Шундай бўлишига қарамай, эришилган ютуқлар салмоғи каттароқлигини инобатга олиб, янги йил сўз эркинлиги, аҳолининг фаоллашуви ҳамда иқтисодий ўсиш масалаларида янада муваффақиятли ўтишига ишониб қоламиз.
Эльдар Асанов ва Исроил Тиллабоев тайёрлади
Муаллифлар фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)