Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компресс станциялари (АГТКС)да метан ёнилғиси тақчиллиги кузатилаётганига бир ҳафтадан ошди. Кўплаб шохобчалар вақтинча ишламаяпти, бошқаларида эса ҳайдовчилар соатлаб қолиб кетаётган бир неча километрлик навбатлар юзага келмоқда. Ёнилғиси қолмаган машиналар ҳайдовчиларнинг бир-бирига кўрсатаётган ёрдами билан станцияларгача олиб келиняпти, деди Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги АГТКСлардан бирининг бошлиғи «Газета.uz»га берган интервьюсида.

Фото: «Kun.uz»

Унинг сўзларига кўра, «заправка»лардаги навбатлар магистрал газ қувурларидаги босим станциялардаги компресслар ишлайдиган босимдан ҳам пасайиб кетгани сабаб юзага келан. «Катта йўллар ёқасида жойлашган ‘заправка’ларда босим тушиб кетган. Авваллари босим 7 кг/кв.см.гача етган бўлса, ҳозир 2 кг/кв.см.дан ҳам паст. Менинг шохобчамда компрессор камида 3 кг/кв.см. босимда ишлайди. Бу ҳолат 10 кундан бери давом этяпти», — деди у.

«Газета.uz» суҳбатдошининг қайд этишича, «заправкалар» газ таъминоти билан боғлиқ муаммо Муборак газ қайта ишлаш заводидаги компрессорнинг ишдан чиқиши сабаб юзага келгани ҳақида огоҳлантириш хатларини олган. 21 декабрги хат Фарғона вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали бошлиғи ўринбосари томонидан имзоланган.

«Қишки даврда босимнинг тушиб кетиши билан шунга ўхшаш муаммолар аввалги йилларда ҳам бўлган, лекин ҳозиргидек даражада эмасди. Ўтган йиллари навбатлар уч-тўрт кун кузатилган. Одатда бу ҳавонинг кескин совиб кетиши билан юз беради», — деди АГТКС вакили.

Олтиариқ тумани ҳокимлиги «заправка»ларга метан сотиш учун қулай вақт танлашни таклиф қилган. Авваллари АГТКСлар кун-у тун ишлаган бўлса, энди фақат маълум бир вақтда машиналарни ёнилғи билан тўлдирмоқда. «Мендан қайси вақтда ишлаш сиз учун қулай, деб сўрашди. Мен қўшни ‘заправка’лар дам олаётган вақтда босим ошиши мумкинлиги, чунки газни ҳаммамиз бир жойдан олишимизни айтдим. Шунин учун ҳам 20:00 дан 8:00 гача бўлган вақтни олдим. Яъни, 12 соат ишлашга рухсат олганман. Бу вақтда бошқа ‘заправка’лар вақтинча ишламай туради», — дея тушунтирди у.

АГТКС раҳбарининг қайд этишича, газ тақчиллиги кузатилаётганига қарамай, бензин билан ҳеч қандай муаммо йўқ. «Билмадим, бензин сотиб олиш мумкин бўлса-да, бензин қуйиш шохобчалари бўш турган бўлса-да, нима учундир ҳамма газ сотиб оляпти. Тўғри, тўлиқ газда юришга мослаштириб ташланган машиналар ҳам йўқ эмас», — деди у.

«Ўзтрансгаз»нинг жавоби

Фото: «Газета.uz»

«Ўзтрансгаз» компанияси бошқарма бошлиғи Эркабой Алиев «Газета.uz»га берган интервьюсида АГТКСлардаги муаммоларни об-ҳавонинг кескин совиб кетиши билан боғлади.

«Республикада ҳавонинг кескин совиб кетгани сабаб, аҳоли кўпроқ электр энергия истеъмол қила бошлади. Асосий истеъмолчимиз «Ўзбекэнерго» бўлгани боис, уларда қўшимча — белгиланган лимитдан ортиқ газ ҳажмига эҳтиёж пайдо бўлди. Режа бўйича биз «Ўзбекэнерго»га ҳар куни 51 миллион кубометр табиий газ етказиб беришимиз лозим бўлса, ҳозир 52—53 миллион кубометр беряпмиз. Совуқлар, электр энергия истеъмолининг қўшимча истеъмоли ва захираларнинг қисқариши сабаб Фарғона водийсига узатилаётган газнинг босими пасайди», — деди у.

АГТКСларга тўхталинадиган бўлса, у ерларга маълум бир — 6, 7, 12 кг/кв.см. босимда ишлайдиган компрессорлар ўрнатилган. Босимнинг бирдан тушиб кетгани боис, станциялардаги компрессорлар ҳам ишлай олмаяпти.

Сўнгги йилларда АГТКСларнинг эгалари Ўзбекистонга паст газ босимида — 1 дан 3 кг/кв.см.гача бўлган босимда ишлай оладиган компрессорларни олиб киряпти. «Биз ‘газ-заправка’ларни газ таъминотидан тўлиқ узиб қўйганимиз йўқ. Уларнинг иш вақти ҳокимликлар ва ҳудудий газ таъминоти корхоналари билан келишилган ҳолда ‘заправка’ларнинг раҳбарлари томонидан соат 20:00 дан 6:00 гача чекланган. Газ жадвал бўйича бериляпти. Баъзи ҳудудларда электр таъминоти бўлмаслиги мумкин, у ҳолда ‘заправка’ газ бўлса ҳам ишламайди», — дея тушунтирди «Ўзтрансгаз» вакили.

Айни вақтда катта йўллар ёқасидаги газ тўлдириш станциялари ёпилаётгани йўқ. «Трассалардаги навбатларнинг сабаби — ‘заправка’ларнинг газ босими паст бўлган вақтда ишлай олмаслигидандир», — дея қайд этиб ўтди Эркабой Алиев.

Ўзбекистонда АГТКСлар соин 2016 йилдаги 508 тадан ҳозирга келиб 692 тагача кўпайган, ‘заправка’лар орқали газ истеъмоли ҳажми эса 1,9 миллиард кубометрдан 2,6 миллиард кубометргача ошган. 1 декабрь ҳолатига кўра, истеъмолнинг энг кўп ҳажми Андижон (270,9 миллион кубометр), Наманган (321,5 миллион кубометр) ва Фарғона (292,7 миллион кубометр) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Фото: «Газета.uz»

«Муаммолар асосан Фарғона ва Андижон вилоятларида кузатилмоқда. Ҳозир қўшимча газ етказиб бериш бошланган. Улар аввал, шартли айтадиган бўлса, 10 минг кубометр газ олган бўлса, ҳозир 15—20 минг кубометрдан оляпти. Қиш охиригача бундай ҳолатлар ортиқ такрорланмаслиги керак, чукни Янги йилдан ресурс қайта тикланади ва янги норма белгиланади», — дея таъкидлади Эркабой Алиев.

Устун мавқега эга истеъмолчилар

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги қарорига мувофиқ, табиий газ биринчи галда маиший истеъмолчиларга, хусусан, оилавий корхоналарга, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчиларга биринчи галда етказиб берилиши керак. «Бу — аҳоли ва ‘Ўзбекэнерго’. Қолган ташкилотлар категорияларга бўлинади. ‘Газ-заправка’лар ушбу рўйхатга кирмайди, лекин мамлакатда бензин ҳам бор», — дея тан олди Эркабой Алиев.

Бундан ташқари, ҳукуматнинг 2008 йил 24 декабрдаги қарори билан, Ўзбекистонда табиий монополия субъектлари хизмат кўрсатиши мажбурий бўлган истеъмолчилар рўйхати тасдиқланган.

«Бунда биринчи галда — аҳоли. Сўнг ижтимоий соҳа объектлари — касалхоналар, болалар боғчалари, мактаблар, олий таълим муассасалари ва бошқалар. Бизга биринчи галда айнан ушбу категорияларни газ билан таъминлаш вазифаси юклатилгани боис, биз бошқа истеъмолчиларни газ таъминотидан узишга ва уларни захира ёқилғисига ўтказишга мажбурмиз», — деди «Ўзтрансгаз» бошқарма бошлиғи.

Захира ёқилғиси ҳақида гапираркан, Эркабой Алиев Вазирлар Маҳкамасининг қарорига тўхталиб ўтди. Унга кўра, табиий газ етказиб бериш бўйича ҳар бир истеъмолчи билан тузилаётган шартномада «Ўзтрансгаз» томонидан газ-транспорт тизимининг ресурслари ва техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган республика ҳудудларига газ етказиб бериш бўйича бир ойлик миқдорлар кўрсатиб ўтилиши лозим.

Совуқлар вақтида истеъмолчилар ва «Ўзбекэнерго»нинг стратетик ташкилотларини газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида мавсумий истеъмолчилар ёқилғининг захира кўринишларига ўтказилади.

«Шартнома тузиш вақтида истеъмолчилар ёқилғининг уч ойлик эҳтиёжни қондиришга етадиган камаймайдиган захирасига эга бўлишлари ва совуқ тушган даврда ундан фойдаланишга ўтишлари лозимлиги ҳақида огоҳлантирилади. Масалан, иссиқхоналарни олайлик — агар газ-транспорт тизимида узилиш юз берса, у маҳсулотларини йўқотиб, зарар кўрмаслиги керак. Улар олдиндан огоҳлантирилиши лозим», — деди «Газета.uz» суҳбатдоши.

Президентнинг 2018 йил 12 июлдаги қарорига мувофиқ, вилоятлар ҳокимликларига эҳтиёждан келиб чиқиб 2018—2019 йилги куз-қиш мавсумида электр ва газ таъминотидан узилмаслиги лозим бўлган категориялаштирилган ва алоҳида муҳим объэктлар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида топшириқ берилган.

«Аҳоли биринчи категорияга киради, сўнг — стратегик объектлар, ундан кейин — экспорт ташкилотлари. Бу вақтда бошқа — учинчи категория истеъмолчилари газ таъминотидан узилади ва улардан захира ёқилғисига ўтиш талаб этилади. Бу, одатда, ҳаво ҳарорати -10...-5 даража бўланида кузатилади. Улар ўзларини захира ёқилғиси билан таъминлашлари керак. Бу нарса уларни, биринчи галда, иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилади», — дея қайд этиб ўтди «Ўзтрансгаз» вакили.

Газнинг узоқ йўли

Фото: «Kun.uz»

Эркабой Алиевнинг айтишича, Фарғона водийсининг жойлашуви ҳам газ босимининг пасайиб кетишига яна бир сабабдир.

«Қувватни ошириш учун захира бор, бироқ Фарғона водийси қолган шаҳарлардан узоқда жойлашган. Ҳозир Қаршидан етказиб берилаётган газ Бухоро, Жиззах, Сирдарё, Тошкентдан ўтиб, сўнг Фарғона водийсига етиб боради. Аввал бу ҳудудлар газга тўяди, кейин — водийга ўтади», — деди у.

Фарғона водийси томон алоҳида газ қувурларини ётқизиш ҳақидаги саволга Алиев Совет Иттифоқи даврида ишлаган алоҳида газ таъминоти линияларини эслаб ўтди. «Авваллари, СССРда Тожикистон ва Қирғизистондаги Шимолий Сўх орқали ўтган алоҳида линиялар бўлган. Адашмасам, ҳозирда бу масала бўйича ва ушбу йўлларни қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда», — деди «Ўзтрансгаз» бошқарма бошлиғи.

Яна бир муаммо — газ қайта ишлаш заводлари аввалдан режалаштирилган ҳажмда газ қазиб олмаяпти. «Масалан, сиз ‘мана бу қудуқдан 10 минг кубометр газ қазиб оламиз’, деб прогноз қилгансиз, бироқ якунда қудуқнинг ҳақиқий қуввати атиги 5000 кубометр бўлиб чиқади», — деди у.

Ишга тушиш арафасидаи янги инвестиция лойиҳаларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 2019 йилда Ўзбекистонда газга бўлган эҳтиёж 2018 йилдагига нисбатан 20 фоизга ошади.