2018 йилнинг 3 декабрь куни Хива педагогика касб-ҳунар коллежи биносида, очиқ сайёр суд мажлисида Х.Ражаповга оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Хива туман суди ахборот хизмати хабар берди.
Х.Ражапов 2018 йилнинг 16 сентябрида тегишли ҳужжатларсиз бошқарганлиги учун жарима майдонига қўйилган давлат рақам белгили 90N 854 JA Damas русумли автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериши эвазига давлат органи мансабдор шахси Хоразм вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Ф.Матназаровга жарима майдончаси ҳудудида 99 000 сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.
Х.Ражапов суд муҳокамасида айбига иқрор бўлди. Жиноят иши юзасидан мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари ҳар томонлама текширилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 463, 465-468, 471-472-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан судланувчи Х.Ражаповга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баравари миқдорида 7 372 000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Пора предмети бўлмиш 99 000 сўмни давлат эгалигига ўтказилиши белгиланди.
Изоҳ (0)