15 декабрь куни соат 13:32 да Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг Куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчаси 7-уйда жойлашган 8-сонли автобус саройида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Кўрсатилган манзилга соат 13:33 да Тошкент шаҳар гарнизонидан олтита асосий ва иккита махсус ёнғин ўчириш экипажлари йўналтирилган. Воқеа жойига ёнғин ўчириш автомобиллари соат 13:41 да етиб борган вақтда автосарой автомобилларининг кузов қисмини таъмирлаш боксининг ички қисми очиқ аланга билан ёнаётганлиги ва у ердан қора тутун чиқаётганлиги аниқланган.
Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 14:01 да қуршаб олинган, соат 14:08 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида автомобилларнинг кузов қисмини таъмирлаш боксининг 50 квадрат метр майдонда ички ва том қисми, битта MAN ва битта Mercedes-Benz автобусларининг салон ва кузов қисми ёниб зарарланган. Тан жароҳати олганлар йўқ.
Ёнғиннинг тахминий сабаби — Mercedes-Benz автобусига техник хизмат кўрсатиш учун пайвандлаш ишларини олиб боришда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
«Ёнғиндан автомобилларнинг кузов қисмини таъмирлаш боксининг 800 квадрат метр майдони ҳамда таъмирлаш боксида бўлган Isuzu юк автомобили ва Damas автомобили сақлаб қолинган», — дейилади Ўзбекистон ИИВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси ахборотида.
Изоҳ (0)