«Адолат» СДПнинг «Таълим сифати — партия нигоҳида» лойиҳаси доирасида жамоатчилик назорати тартибида мактаб дарсликларининг сифати, уларда йўл қўйилган хато-камчиликлар ўрганилди. Партия газетасининг 50-сонида мазкур ўрганишларнинг натижалари бўйича мақола чоп этилди. Унда дарсликлардаги хатолар аниқ мисолларда келтириб ўтилган, деб ёзади UZ24.
Жумладан, 1-синф дарслиги «Алифбе», 2-синф «Инглиз тили», 3-синф «Математика», 4-синф «Инглиз тили», 5-синф «Она тили», 6-синф «Ботаника», 7-синф «Жаҳон тарихи», «Ўзбекистон тарихи», 8-синф «Ўзбекистон тарихи», 9-синф «Кимё», «Жаҳон тарихи», қорақалпоқ тилида нашр этилган «Ўзбекистон тарихи», 10-синф «Инглиз тили», «Биология» дарсликларида бир қанча хатоликлар аниқланган.
Масалан, 7-синф «Ўзбекистон тарихи» китоби (Қайта ишланган 3-нашр. «Шарқ» НМАК - 2017). Дарсликнинг 94-бетида «Абу Наср Форобий (873—950) Арис сувининг Сирдарёга қуйилишида Фороб шаҳрида туғилган», дейилган. Худди шу дарсликнинг русча нашрида эса «Абу Наср Фараби (1230—1270) родился в городе Фараб», деб ёзилган.
10-синф «Биология» дарслигининг (1-нашр. «Шарқ» НМАК - 2017) 20-бетида «Ўсимликлар қуруқ массасининг 80%га яқини, ҳайвонлар қуруқ моддаси массасининг 2%га яқинини углеводлар ташкил этади» деб ёзилган. Худди шу дарсликнинг рус тилидаги нашрида бу маълумот: «Содержание углеводов в животних составляет 1-5%, а в некоторих растителних клетках может достигать до 90%», деб берилган.
Партиянинг фан-таълим масалалари бўйича жамоатчилик экспертлар гуруҳи томонидан юқоридаги каби камчиликларга қўл қўймаслик мақсадида барча дарсликларни ҳукумат доирасида экспертизадан ўтказиш таклифи билдирилган.
Изоҳ (0)