Президент Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ва айни пайтда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 136 нафар шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб ёзади Norma.
Президент жиноят суди соҳасидаги ижобий динамикага урғу берди. Кейинги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят ишининг далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилишига олиб келди. Судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди ( 2016 йилда — бор-йўғи 28, 2017 йилда эса 263 нафарни ташкил этган).
Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди.
Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёл Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди.
Шунингдек, жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.
Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди.
Изоҳ (0)