Наманган вилоятининг Норин туманида жорий йилнинг 11 ойи давомида 11 кишининг ўлимига сабабчи бўлган 11 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. 24 та ҳолатда 27 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Ўтган йилнинг 11 ойида 7 киши ЙТҲ оқибатида ҳаётдан кўз юмган, 24 киши яраланганди.
Туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Мурод Ҳакимовнинг айтишича, таҳлиллар ЙТҲлар ортишига йўллар торлиги (туманда йўлнинг кенг қисми 16, тор қисми 9 метрни ташкил этади), қатнов қисмининг куз-қиш мавсумида туман қоплаши, ёритгичлар билан жиҳозланмаганлиги, шу туфайли ажратувчи чизиқлар кўринмаслиги асосий омиллар эканлигини кўрсатмоқда.
—Норин ИИБ ташаббуси билан туман йўллардан фойдаланиш корхонаси билан ҳамкорликда «Мингбулоқ-Руат-конструктор» МЧЖ томонидан таркибида 850 килограмм оқ бўёққа 250 килограмм фосфор кукуни бўлганаралашма тайёрланди. Бунинг учун 60 миллион сўм сарфланди. Шу тариқа 24 километр масофага тунда нур қайтарувчи узуқ ва узлуксиз чизиқлар чизилди, — дейди Мурод Ҳакимов.
Туман йўллардан фойдаланиш корхонаси директори Алишер Маткаримовга кўра, бундан кўзланган асосий мақсад қиш мавсумида транспорт воситалари ҳаракатланиши ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини камайтиришдир. Келгусида мазкур йўлларга чироқлар ўрнатиш, йўлнинг қатнов қисмини кенгайтириш ҳамда фотородар мосламаси билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Изоҳ (0)