4 декабрь, сешанба куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунг Вон Чой билан музокара ўтказди, деб хабар беради МОҚ матбуот хизмати.
Учрашувда Умид Аҳмаджоновга Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен ҳамроҳлик қилди.
Аҳмаджонов Бутунжаҳон таэквондо федерацияси раҳбаридан Ўзбекистон терма жамоаси учун малакали мураббий жалб қилиш бўйича амалий ёрдам сўради. Ўз навбатида, Чунг Вон Чой бу борада албатта Ўзбекистон таэквондо ассоциациясини қўллаб-қувватлашини, шунингдек, ўзбекистонлик таэквондочилар учун ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш бўйича ҳам ёрдам беришга тайёр эканлигини айтиб ўтди. Томонлар Универсиадага тайёрланаётган кореялик таэквондочиларни Ўзбекистонда ўқув-машғулотлар олиб боришлари бўйича ҳам келишувга эришди.
Музокаралар натижасида 2019 йилги кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказиладиган бўлди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Каналга қўшилиш учун: @Daryo_sport
Изоҳ (0)