«Янги аср авлоди» нашриётида ёзувчи Бахтиёр Абдуғафурнинг «Султон Жалолиддин Мангуберди» романи чоп этилди. Бу ҳақда Turon24 хабар бермоқда.
«Ушбу асарни 8 йил давомида ёзганман. Романда Султон Жалолиддин Мангуберди образи билан бирга улкан империянинг таназзулига сабабчи бўлган шахслардан бири, султон Алоуддиннинг онаси малика Турконнинг фожеали қисматини тасвирлашни мақсад қилгандим», — дейди асар муаллифи.
Роман-дилогиянинг биринчи қисмида Хоразмшоҳлар давлатининг сиёсий, маънавий ва ҳарбий инқирози арафасидаги воқеалар ва Жалолиддин Мангубердининг Чингизхон бошлиқ мўғул босқинчиларига қарши кураши бадиий гавдалантирилади.
Асарда мўғуллар босқини арафасида султон Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг мусулмон дунёси раиси, халифа Носиридинуллоҳ Абул Аббос билан мураккаб ва зиддиятли муносабатлари, халифанинг Хоразмшоҳларга қарши Чингизхон билан махфий ёзишмалари ҳамда улкан ҳудудга чўзилган мамлакатнинг таназзули ўрта аср тарихчилари қолдирган манбалар асосида тасвирланади.
Изоҳ (0)