Хўжанддаги маҳбуслари исён кўтарган қаттиқ тартибли колония бошлиғи Файзулла Сафаров ҳибсга олинди. У масъулиятсизлик, маҳбусларни қийноққа солиш ва тайёрланаётган исённи яширишда айбланмоқда, дея хабар беради «Ахбор».
Исён тахминан 7 ноябрь куни соат17 ларда бошланади, бироқ маҳкумлар қамоқхонанинг бир қисми ва бир неча ходимни қўлга олганига қарамай, Файзулла Сафаров мазкур ҳолатни яширишга уринади. У 2016 йилда рўй берган икки қочувдан сўнг ушбу исён кечирилмаслиги ва лавозимидан ажралиб қолишидан чўчиган.
Фақат орадан 5 соат ўтиб, 22.00 атрофида колония маъмурияти ҳодиса ҳақида билдириш беради. 22.30 да қуролланган махсус бўлинма жангчилари колонияга киради ва исённи бостиради.
Терговнинг асосий версиясига кўра, ҳодисага бир гуруҳ маҳбусларнинг қочишга уриниши сабаб бўлган. Бироқ мустқил манбалар исёнга маҳбуслардан бирининг 7 ноябрь куни яланғоч ечинтирилиб, ёмғир остида туришга мажбурланиши сабаб бўлганини билдирмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноий ишда 23 киши — 2 нафар колония ходими ва 21 нафар маҳбус ўлдирилгани кўрсатилган. Нашр манбаси эса маҳкумларнинг яқинларига 47 та жасад берилгани, 100 дан ортиқ маҳбус асосан ўқотар қуролдан олинган жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилганини маълум қилган.
Исён ташкилотчилари ИШИД билан алоқадор эканлиги тасдиқланмади. Яқин орада колониянинг бошқа масъул ходимлари ҳам пора олиш ва жиноятларни яширишда айбланиб, ҳибсга олиниши кутилмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)