Хитойнинг Дунфан шаҳрида ўз ишини бошлаган «ШҲТ ёшлари экстремизм ва терроризмга қарши» мавзусидаги ассамблеяда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари иштирок этмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
Делегация 9—11 ноябрь кунлари ёшлар ассамблеясида ўтказиладиган тадбирларда қатнашиб, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Эрон, Беларусь, Мўғулистондан келган ҳамкасблари билан бирга экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида тажриба алмашади.Тадбирнинг биринчи кунида ёшлар ассамблеясининг очилиш маросими ва «ШҲТ модели» мавзусида конференция ўтказилди.
ШҲТнинг терроризмга қарши курашиш ҳудудий бўлинмаси барча иштирокчи давлатлар ва уларнинг манфаатдор ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда ҳудудий тинчликни таъминлашга раҳна солаётган таҳдидларга қарши курашишга тайёр эканлиги маълум қилинди. Мазкур масаланинг ўта муҳимлигини инобатга олган ҳолда, экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга қаратилган миллий ва ҳудудий иттифоқларнинг ташкил этилишига комплекс ёндашиш таклиф этилди.
Конференцияда иштирокчи мамлакатлар экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича ўз таклифларини бермоқда.
Изоҳ (0)