Қашқадарё вилоят ИИБ ЙҲХБга қарашли йўл-патруль хизмати инспекторлари Косон туманининг «Гувалак» маҳалласида хизмат вазифасини бажараётганда кутилмаган ҳодиса рўй берди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Инспекторлар Жасур Йўлдошев, Иномжон Қораев ва Шаҳзод Чориев томонидан йўлда ҳаракатланаётган автомобиллардан навбатдагиси тўхтатилиб, инспекторлар Cobalt ҳайдовчисининг ҳужжатларини кўздан кечиришга чоғланди. Кичик сержант Ж.Йўлдошев автомобиль ҳайдовчисидан ҳужжатларни тақдим қилишни сўрайди. Ўзини Ҳусниддин Тўрақуловман, деб таништирган шахс ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини айтади.
Инспекторлар ушбу ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштиради. Шундан сўнг машинани вақтинчалик жарима майдончасига олиб борилиши керак эди.
Аммо Х.Тўрақулов ва унинг йўловчилари — турмуш ўртоғи Муҳаббат Жуманазарова, ўғли Шоҳрух Эгамбердиев, қизи Кумуш Эгамбердиева ходимларга фаол қаршилик кўрсатади.
Ш.Эгамбердиев қўлига пичоқ олиб, Косон тумани 11-сонли ички ишлар бошқармасига тегишли Damas русумли автомашина ойнасини синдириб, баллонларига шикаст етказади. Шундан сўнг йўловчилар автомашинасига ўтириб, воқеа жойидан қочиб кетади.
Йўловчи йигитнинг амалга оширган ҳаракатлари натижасида кичик сержант Ж.Юлдашев ва сафдор И.Қораевга жароҳат етказилган. Уларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилди.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида Ш.Эгамбердиев ушланиб, Х.Тўрақулов, М.Жуманазарова ва К.Эгамбердиева туман прокуратурасига топширилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)