Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазодаги геноцидда Гитлерни ортда қолдирганини таъкидлади. Бу ҳақда Daily Sabah хабар берди.

Эрдўғон бу фикрларини Истанбулда бўлиб ўтаётган 17-халқаро мудофаа саноати ярмаркаси (IDEF—2025) очилиш маросимида маълум қилган.
Президент Туркиянинг мақсади имкон қадар тезроқ Ғазода ўт очишни тўхтатиш эканини айтиб, Исроилни яна бир бор секторга гуманитар ёрдам киритишга чақирди.
Халқаро миқёсда ўт очишни тўхтатиш чақириқларига қарамай, Исроил армияси 2023 йил октябрь ойидан бери фаластинликларга қарши геноцидни давом эттириб келади. У 59 мингдан ортиқ фаластинликнинг, аксарият аёллар ва болаларнинг ўлимига сабаб бўлди. Тинимсиз бомбардимонлар анклавни вайрон қилди, соғлиқни сақлаш тизимини жар ёқасига олиб келди ва очарчиликка йўл очиб берди.
Халқаро жиноий суд 2024 йилнинг ноябрь ойида Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантни Ғазодаги ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олишга ордер берган. Бундан ташқари суд Исроилни анклавда геноцид уюштирганликда айблаб, жавобгарликка тортган.
НАТОга аъзо ҳисобланган Туркия Фаластиннинг азалий иттифоқчиси бўлиб келган. Мамлакат Исроил ҳужумларини уруш бошланганидан бери танқид қилиб келади. 2024 йил май ойида Анқара Исроил билан барча савдо ҳамкорлигини тўхтаган. Гуманитар ёрдам кўрсатишдан ташқари, Туркия ҳукумати халқаро ташкилотларни, жумладан БМТ, НАТО ва Ислом ҳамкорлик ташкилотларини Исроилни жиловлашга ундаб келган.
Изоҳ (0)