Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 18 июндаги 930-сонли қарорига асосан, Миробод туманидаги «Оқ уй» мусулмонлар қабристони ҳудудида янги жоме масжидини барпо этиш белгиланган. Бу ҳақда Islom.uz хабар берди.
Тез орада масжид лойиҳаси тайёрланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов янги масжид лойиҳаси билан танишиб чиқган.
Миробод туманидаги «Оқ уй» мусулмонлар қабристони ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган жоме масжиднинг қибласини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур, раис маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов, ЎМИ масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов, маҳалла фаоллари ҳамда иншоот ишларига масъул шахслар қурилиш майдонига келишди.
Тадбирда Миробод туманида жоме масжидлар атиги 3 та бўлиб, эндиликда уларнинг сони яна биттага кўпаяётгани нур устига нур экани, мазкур масжид келгусида пойтахтдаги намунали масжидлардан бири бўлишига умид билдирилди. Айниқса, атрофдаги 5 та маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли учун мазкур масжиднинг барпо этилиши катта қувонч бахш этди.
Ташриф давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда уламолар иштирокида масжид қибласи аниқланиб, барчанинг гувоҳлигида тасдиқланди.
Изоҳ (0)