ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосининг олди олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи М.О. «Андархон» чегара пости орқали Тожикистонга ўтиб, у ерда 4 минг доллар эвазига опий (қорадори) гиёҳванд моддасини харид қилган ва жиноий шериги, Қўқон шаҳрида яшовчи У.Қ.га телефон қилиб, мазкур гиёҳванд моддани Қўқонга етказиб беришни сўраган.
У.Қ. гиёҳванд моддаларни Бекобод шаҳридан олиб келаётган вақтда Чағали қишлоғи яқинида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. У.Қ.нинг таниши бошқарувидаги машинада 1 килограмм 984 грамм опий моддаси борлиги аниқланган ҳамда ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
«Олиб борилган тезкор суриштурувлар давомида М.О. ҳам қўлга олинган», — дейилади хабарда.
Ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)