Бугун, 23 октябрь куни InnoWeek инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Халқаро инновацион-инвестицион форум ўз ишини бошлади. Бу ҳақда ташкилотчилар «Дарё»га маълум қилди.
Тадбир «Ўзэкспомарказ»ида чет эл илмий-инновацион марказлари, инвестицион фондлари, технологик агентликлари, технопарклари ва бизнес инкубаторларининг фаол иштирокида бўлиб ўтди.
«Барчамизга маълум, жаҳон тажрибасига кўра, янги технологияларнинг ривожланиши ҳамда товарлар, хизматлар, ишчи кучи бозорларидаги рақобатнинг кучайиши миллий корхоналарда инновацион фаолиятни янада кучайтириш ва самарали ташкил этишга қаратилмоқда. Бу эса, аҳолининг тез ўсиб, ўзгариб бораётган эҳтиёжларини тўлароқ қондириш, сўнгги кашфиёт ишланма ва технологияларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда замонавий усуллардан кенг кўламда фойдаланишни тақозо этмоқда. InnoWeek доирасида «Халқаро инновациялар ярмаркаси», «Халқаро инновацион-инвестицион форум» ва «Халқаро робототехника мусобақаси» каби муҳим тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирларда Австрия, Буюк Британия, Нидерландия, Италия, Исроил, Россия, Туркия, Эстония, Эрон, Қозоғистон, АҚШ каби дунёнинг 30 дан ортиқ давлатлари, нуфузли халқаро ташкилот ва компания вакиллари, илм-фан ва инновациялар соҳасининг етук мутахассислари ташриф буюрган»,—дейди тадбирда сўз олган Бош вазир ўринбосари Суҳроб Холмуродов.
Изоҳ (0)