Президент Шавкат Мирзиёев «Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилди.
Қарор билан Бош прокуратура, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ташқи савдо, Иқтисодиёт ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларининг қуйидаги тартибни белгилаш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди:
Юридик шахслар — мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эга;
Юридик шахслар — мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритилад;
Тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга.Бунда якка тартибдаги тадбиркорларнинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт тушумларига ягона солиқ тўлови тўланишини назарда тутувчи солиққа тортиш тартиби қўлланилади;
Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек, товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгар;
Тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуриш юзасидан қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириши мумкин.
Ҳужжат билан Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар уюшмаси тузилиши ва Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот портали ишга туширилиши белгиланди.
Изоҳ (0)