Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Instagram’даги саҳифасига афғонистонлик мухолифатчи сиёсатчи Гулбиддин Ҳикматёр билан 2018 йил июлида Кобулда бўлиб ўтган учрашуви суратини жойлади.
«19 йилдан сўнг. Собиқ дала қўмондони, Афғонистон бош вазири (1993—1994 йиллар, 1996 йил) Гулбиддин Ҳикматёр билан. 2018 йил июль. Шахсий архивдан», — дейилади сурат изоҳида.
Абдулазиз Комилов, шунингдек,« Толибон» ташқи ишлар вазири Мулла Мутавакил билан тушган, шахсий архивдаги сурати билан ҳам бўлишди.
«Афғонистон: тинчлик сари машаққатли йўл. ‘Толибон’ ҳаракати раҳбари Мулла Умарнинг ташқи ишлар вазири Мулла Мутавакил билан. Қандаҳор, 1999 йил. Шахсий архивдан», — дея уни изоҳлади.
Абдулазиз Комиловнинг ушбу суратлари Ўзбекистон йиллар давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ҳаракатда эканлигининг яна бир далилидир.
Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Афғонистон билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26—27 март кунлари Тошкент шаҳрида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ўтказилган эди.
Изоҳ (0)