«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарда ҳафтанинг ҳар жума куни хизмат машиналаридан фойдаланиш та’қиқланади. Бу ҳақда жамият матбуот хизмати маълум қилди.
Шу куни барча раҳбарлар ва бошқа ходимлар ўзларига ажратилган хизмат автомобилларидан фойдаланмаган ҳолда жамоат транспортида ишга келади ва кун давомида эҳтиёжга қараб жамоат транспортидан фойдаланади.
Вазият тақазоси билан бошқа кунларда ҳам раҳбарлар эрта тонгдан автобусда юриб, транспорт хизмати сифатига йўловчи назари билан эътибор қаратади. Бу жараёнда йўловчилар кайфияти, уларнинг норозилигига сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганади.
Бундан кўзланган асосий мақсад ҳар бир раҳбар оддий йўловчи сифатида автобусда кечадиган жараёнларни бевосита кузатиши, у ердаги муаммоларни юракдан ҳис этиши эканлиги билдирилмоқда.
Тизим раҳбарияти бу жараёнда ҳайдовчи ва чиптачиларнинг махсус кийимдалиги, ташқи кўриниши санитария ва гигиена талабларига мослиги, йўловчиларга кўрсатилаётган муомала маданияти, йўл ҳаракати қоидларига амал қилиниши, оралиқ бекатларда ортиқча туриб қолиш каби қатор масалалар устидан назорат олиб боради. Аниқланган камчилик ва мауммолардан келиб чиқиб, зарур чора-тадбирлар белгиланади.
Изоҳ (0)