Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Германиянинг RIMC Hotels and Resorts компанияси вакилларидан иборат делегацияни қабул қилди, деб ёзади ЎзА.
Учрашувда вилоят ҳокими Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу жараёнда инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар, солиқ ва бошқа имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди. Самарқандда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва бунда хорижий компанияларнинг иштирокига тўхталди.
RIMC Hotels and Resorts компанияси халқаро меҳмонхона тармоғи ва бошқарув соҳасида фаолият юритади. Айни пайтда компаниянинг Германия, Австрия, Италия, Испания, Швейцария, Хитой ва бошқа мамлакатларда меҳмонхоналари мавжуд.
«Биз бошқа халқаро меҳмонхона тармоқлари каби барча меҳмонхоналарни бир хил эмас, балки ҳар бир ҳудудга мос тарзда ташкил этамиз, — дейди RIMC Hotels and Resorts компанияси бошқарувчиси Герт Прантнер. — Бунда ўша давлат ва халқнинг турмуш тарзи, анъаналарига, ҳудуднинг табиий иқлим шароитига эътибор қаратамиз. Ва, албатта, меҳмонхона ходимлари ҳам маҳаллий аҳолидан танлаб олинади. Биз, Самарқанднинг довруғига мос, сайёҳлар дидига ҳар томонлама маъқул меҳмонхона қуришни мақсад қилганмиз. Вилоят ҳокимлиги томонидан бизнинг таклифларимиз ижобий қабул қилинганидан хурсандмиз».
Учрашув давомида меҳмонлар Самарқанд вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам ўз таклифларини билдирди.
Делегация аъзолари Самарқанднинг тарихий обидалари ва бошқа диққатга сазовор масканларида бўлиб, шаҳарнинг туристик имкониятлари билан танишди.
Изоҳ (0)