Нукусда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Таълим соҳасини ривожлантиришдаги катта хизматлари учун бир гуруҳ устоз ва мураббийлар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Тадбирда соҳа вакилларига улар тантанали равишда топширилди.
— Таълим тизимида катта ўзгариш ва янгиликлар юз бермоқда, –дейди Қорақалпоғистон халқ таълими вазири А.Аяпов. – Инвестиция дастури доирасида ҳудудда 22 таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича 32 таълим муассасасида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Янги ўқув йили олий таълим муассасалари учун ҳам муваффақиятли бошланди. Қорақалпоқ давлат университетидан икки талаба Президент стипендиясига сазовор бўлган бўлса, Нукус давлат педагогика институти профессори О.Алеуов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.
Тадбирда таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Изоҳ (0)