Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати, Ўзбекистон либерал демократик партияси аъзоси Олимжон Тўхтаназаров пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
20 сентябрь куни фуқаро И.М. ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, Наманган вилояти Поп туманида мактаб директори бўлиб ишлагани, 2017 йил 14 ноябрда судланиб, вазифасидан озод этилганини кўрсатиб ўтди.
Аёл суд қароридан норози бўлди ва 3 сентябрь куни Олимжон Тўхтаназаровга мурожаат қилди. У 500 доллар эвазига юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали муаммони ҳал қилишга ваъда берди. И.М. бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берди.
Наманган вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбирида 22 сентябрь куни тахминан 15:00 да Олимжон Тўхтаназаров И.М. дан 500 доллар олаётганда ушланди.
Ҳолат юзасидан О. Тўхтаназаровга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Депутат вилоят халқ депутатлари кенгаши розилиги олинган ҳолда Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.
Изоҳ (0)