Жорий йилнинг июль ойида Олтинкўл туманида яшовчи фуқаро Т.Т Андижон вилоят прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, «Эркин» маҳалла фуқаролар йиғинининг посбони Т.А яшаш хонадонида қимор ўйинларини ташкил қилаётганлиги, МФЙ раиси И.А эса котиб вазифасида ишловчи У.Ш дан 200 АҚШ долларини пора тариқасида олиб, уни МФЙга ишга қабул қилганлиги ҳақида хабар қилган, деб ёзади Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Мурожаат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Т.Т.нинг аризасида кўрсатилган Т.А яшаш хонадонида таваккалчиликка асосланган қимор ўйинлари ташкил қилганлиги ва И.А эса пора олганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмасдан, Т.Т «Эркин» МФЙ масъул ходимларига нисбатан шахсий адовати борлиги учун туҳмат қилганлиги маълум бўлди. Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фуқаро Т.Т. ёзган аризасидаги ҳолатларни кўриб гувоҳи бўлмасдан, етарли далилларга эга бўлмагани ҳолда била туриб ариза билан мурожаат қилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 17 сентябрь куни Олтинкўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Т.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 237-моддаси 1-қисми ва 139-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Фуқаро Т.Т ёлғон хабар берганлиги ҳамда бир неча фуқароларни ғаразли ниятда жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилганлиги оқибатида қонун олдида жавоб беради.
Изоҳ (0)