Ун экспорти бўйича Қозоғистон тармоғи аграр-саноат комплексидаги бошқа барча тармоқлардан фарқ қилади. Бу ҳақда Қозоғистон донни қайта ишловчилар иттифоқи раиси Евгений Ган айтиб ўтди, деб ёзади Spot.
«Тарихий шароит туфайли, биз тармоқни ривожлантириш даражамиз бўйича барчани 10—15 йилга ортда қолдирдик. Маҳсулотимизга катта талаб ҳамда қулай шароитлар бор эди», —деди Ган.
Унинг сўзларига кўра, ун сотилиши барқарор бўлиб, у минтақада қуйидаги тартибда тақсимланади: Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон.
«Аммо 2011 йилда Ўзбекистон импорт унга акциз солиғини 10 фоиз қилиб белгилади… Кейинроқ бу рақам 15 фоизгача кўтарилди… Ўтган йил сентябрда давлат раҳбаримиз Ўзбекистоннинг янги президенти билан учрашганида акцизлар бекор қилинди. Бироқ шу вақт ичида Ўзбекистон жуда яхши, бақувват тегирмон саноати тармоғини яратишга улгурди, унинг қайта ишлаш ҳажми йилига камида 1,5 миллион тонна бўлса керак», — деди Ган.
Унинг сўзларига кўра, беш-етти йил аввал йирик импортчи Ўзбекистон бўлган, унинг улуши умумий ҳажмнинг 65—66 фоизини ташкил қилган, аммо бугун биринчи ўринда Афғонистон туради.
«Ҳозир ўзбекистонлик шерикларимиз билан музокаралар олиб боряпмиз, яъни ички ва ташқи ташувлар учун тарифларни уйғунлаштиряпмиз. Кечагина муҳим ҳужжатни қўлга киритдик. Биз Ўзбекистон темир йўлларининг ҳар бир вагон учун 280 долларлик қўшимча йиғимни бекор қилишига эришдик. Муайян қадамлар бор. Ўзбек бизнеси ухламаётгани ва ўз манфаатлари йўлида ўз вазифаларини қўяётгани тушунарли ҳолат», — деди Ган.
Изоҳ (0)