Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директорининг 2018 йил 7 сентябрдаги Олис ҳудудларда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ва самарадорлигини ошириш, ушбу ҳудудлар аҳолисига давлат хизматлари кўрсатилишида қулай шарт-шароитлар яратиш ҳақида буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан жойларда аҳоли фикри, давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда энг олис ҳудудларда давлат хизматлари маркази шохобчалари ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ана шундай давлат хизматлари маркази шохобчалари Навоий вилоятининг Конимех тумани марказидан 250 километр узоқликда жойлашган Боймурат ОФЙ ва 230 километр узоқликдаги Уч тобе ОФЙда ҳамда Томди туман марказидан 150 километр масофадан ортиқ узоқликда жойлашган Шиели ОФЙ, Керезбулоқ ОФЙ маркази Керез овулида, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани марказидан 150 километр узоқликда жойлашган Тупроққалъа қишлоғи «Тупроққалъа маскани» МФЙ, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидан 130 километр узоқликда жойлашган Сахоба қишлоғи ва Қўшрабод туманидан 120 километр узоқликда жойлашган Жонбулоқ ҚФЙ биносида, Бухоро вилоятининг Ромитан туманидан 280 километр узоқликда жойлашган Қизилравот аҳоли пункти, Гугуртли қишлоғида ва Пешкў туманидан 300 километр узоқликда жойлашган Жонгелди МФЙ Сафрон қишлоғида, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туман марказидан 100 километр узоқликда жойлашган Мачай ҚФЙ ва Денов туман марказидан 120 километр узоқликда жойлашган Сина ҚФЙларда, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманидан 350 километр узоқликда жойлашган Капакалпакия ва 150 километр узоқликда жойлашган Жаслиқ МФЙларда, Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманидан 70 километр узоқликда жойлашган Кушек МФЙда, Ангрен шаҳардан 120 километр узоқликда жойлашган Красногорск МФЙда, Жиззах вилоятининг Фориш туманидан 150 километр узоқликда жойлашган Омонкелди, Дарбоза МФЙларда ташкил этилди.
Ушбу шохобчалар оргтехника жиҳозлари билан таъминланиб, давлат хизматлари маркази ходими томонидан ҳудуд аҳолисига тасдиқланган графикка асосан шохобчага келиб давлат хизматларини кўрсатилиши жорий этилди.
Бундан ташқари, шохобча фасадига (тунги вақтда ёниб турадиган) давлат хизматлари логотипи, шохобча ташкил қилинганлиги, улардаги қабул кунлари ва вақтлари, кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари кўрсатилган махсус стендлар ва баннерлар ўрнатилди.
Изоҳ (0)