Россия икки ҳафта ичида суриялик ҳарбийларга С-300 зенит-ракетали мажмуани етказади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди, деб ёзади TJournal. Бу Латакияда уриб туширилган Ил-20 га жавоб чораларидир.
Шойгунинг сўзларига кўра, мажмуа 250 километрдан ортиқ масофада ҳаво ҳужуми воситаларини тўхтатиб қолишга ва бир вақтда бир нечта нишонларни уришга қодир. Шойгунинг эслатишича, Сурияга С-300 мажмуасини етказиб бериш Исроил томони илтимоси билан 2013 йилда тўхтатилган эди.
«Бугун вазият ўзгарди. Бунга эса биз айбдор эмасмиз, — деди вазир. — Аминмизки, ушбу чораларнинг амалга оширилиши «қизиган бошлар»ни совитади ва бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз учун хавф туғдирувчи бемулоҳаза хатти-ҳаракатлардан тияди. Акс ҳолда юзага келаётган ҳолатга мувофиқ чора кўришга мажбур бўламиз».
Россиянинг Ил-20 самолёти 17 сентябрь куни Хмеймим авиабазасига қайтиб келиш чоғида уриб туширилган эди, бортда 15 ҳарбий бўлган. Россия мудофаа вазирлиги фикрича, у Исроил самолётлари туфайли зарбага йўлиққан. Исроил эса ўз ҳарбий-ҳаво кучлари айбини рад этмоқда.
Изоҳ (0)