Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган текширишлар давомида Бухорода фирибгарликни касб қилиб олган фуқаронинг қилмишлари фош бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Муқаддам судланган Рустам Қўчқоров «Buhara biznes trans plyus», «Real avto haus» ва «Turon trans avto kredit» масъулияти чекланган жамиятларини ташкил қилган.
Рустам Қўчқоров учун одамларни алдаш қийин кечмади. У жиноий шериклари билан тил бириктириб, машина сотиб олиш мақсадида мурожаат қилган 22 нафар фуқаро ҳамда тадбиркорлар билан сохта шартномалар тузишга киришиб кетди. Нарх-наво келишилиб, шартнома имзолангач, ҳужжатларни йиртиб ташлаб, йўқотиб юбораверган.
У лизинг асосида GM Uzbekistan АЖда ишлаб чиқарилган енгил автомашиналарни олиб беришни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан катта миқдорда пулларни қўлга киритди. Ушбу пулларни жамиятга кассасига кирим ҳам қилмади, банкка ҳам топширмади. Аллақачон ахлат қутисига тушган шартнома шартлари ҳавода муаллақ қолиб кетаверди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан аниқланган ушбу ҳолат юзасидан Рустам Қўчқаров ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)