Softline халқаро IT-компанияси Ўзбекистонга яхши таниш, 2004 йилдан бошлаб компания томонидан бу ерда кўплаб йирик лойиҳалар жорий қилинган. Масалан, яқинда Softline шў’ба корхоналаридан бирининг мутахассислари томонидан «Ўзбектелеком» акционерлик компанияси билан ҳамкорликда йирик лойиҳа амалга оширилди.
Softline МДҲнинг бошқа мамлакатлари ҳудудларида ҳам катта лойиҳаларни амалга ошириб келяпти. Ameriabank учун Маълумотларни қайта ишлаш марказининг (МҚМ) ишга туширилиши Арманистонда ҳақиқатан ҳам кескин ўзгаришга олиб келган лойиҳа бўлди. Ереванда ўтказиладиган конференцияда энг янги ва кучли МҚМ билан батафсил танишиш учун Softline компанияси Ўзбекистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон ва Россиядан журналистларни таклиф қилди.
IT-ечимларнинг пешқадам глобал етказиб берувчиси
Softline ўз фаолиятини 1993 йилда Россияда бошлаган, бугунги кунда Шарқий Европа, Америка ва Осиёнинг 50 мамлакатидаги 95 та шаҳарда ўз ваколатхоналарига эга. Йирик корпоратив буюртмачилардан тортиб ўрта ва кичик корхоналаргача бўлган ҳар хил кўламдаги 60 мингдан ортиқ хусусий ва давлат ташкилотлари Softline мижозларидир. 2017-молиявий йил натижаларига кўра Softline йиллик айланмаси 1,19 миллиард доллардан ошган.
МДҲ ҳудудида замонавий ахборот технологияларини экспорт қилиш соҳасида пешқадам ҳисобланадиган Беларусда Softline мутахассислари Минскдаги йирик Республика маълумотларни қайта ишлаш марказини (РМҚМ) фойдаланишга топширишда иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикасида, айтиб ўтганимиздек, «Ўзбектелеком» миллий операторининг маълумотларни қайта ишлаш марказида булутли сервисларни тақдим этиш учун Huawei ва етакчи IT-компанияларнинг аппарат ва дастурий ечимларига мослаштирилган платформалар ташкил этилган. Лойиҳани амалга ошириш натижасида, «Ўзбектелеком» маълумотларни қайта ишлаш маркази (МҚМ)дан видео-конференц-алоқалар, виртуал иш столи (Virtual Desktop Infrastructure, VDI), хостинг сайтлар, виртуал инфратузилмалар тақдим этилади. Келажакда сервисларнинг таянч тўплами Электрон ҳужжатлар айланмаси, давлат ҳужжатлари архиви, ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун сервислар ва бошқа булутли сервислар билан боғлиқ булутли хизматлар билан тўлдириб борилади.
Ереванда бизга жуда мураккаб нарсалар ҳақида оддий ва равон қилиб тушунтириб бера оладиган ўз соҳасининг билимдонлари, ўқимишли ва илғор суҳбатдошлар билан мулоқотда бўлиш насиб қилди.
Ноёб бинода жойлашган ноёб банк
Ameriabank Арманистон пойтахтининг бир асрдан ортиқ вақт мобайнида банкирларга маъқул бўлиб келаётган қисмидаги Вазген Саргсян кўчасида жойлашган. Ameriabank – Арманистонда 1910 йилда ташкил этилган ва «Кавказ савдо уйининг Ереван филиали» деб аталган энг дастлабки банклардан бирининг вориси ҳисобланади.
Ўша пайтдан буён, юз йилдан ошиқ вақт давомида СССР Ташқи иқтисодий банкининг арман филиалидан тортиб «Армимпэксбанк»гача, гарчи номи, ихтисослиги ва мулкка эгалик шакли ўзгарган бўлса-да, шу кўчада бир зайлда турди.
Агар Ереванга йўлингиз тушса, албатта бир неча қаватини Ameriabank эгаллаган «Kamar» бизнес-марказига ташриф буюринг.
Бизнес-марказда Property Development Company қурувчи компания директори Арташес Казахецян билан қилган экскурсиямиз давомида ажойиб фактни билиб олдик.
Бизни ажаблантиргани фақатгина бу бинонинг Британиянинг BREEAM компанияси томонидан совутиш, иситиш ва ёритиш тизимларида энергия самарадорлиги тамойилига амал қилинадиган экологик қурилиш стандартлари бўйича сертификацияланган Кавказдаги биринчи бино эканлиги эмас.
Россия, Қозоғистон, Беларусь ва Грузия журналистларини, шу жумладан ушбу сатрлар муаллифини лол қолдиргани, бу учинчи минг йилликдаги бизнес-марказда 1927 йилда архитектор Николай Буниатяннинг лойиҳаси бўйича ва Александр Таманяннинг назорати остида кул ранг шишасимон тоғ жинси – базалтдан бунёд этилган Қишлоқ хўжалиги банкининг олд томони сақланиб қолингани бўлди. 1910 йилда архитектор Микаэл Оганджаняннинг лойиҳаси бўйича Амасия қора туфидан барпо этилган «Тифлисс тижорат банки» биносининг тарихи эса бундан-да ажойиб: бино эскирганлиги сабабли уни бузишга тўғри келган, бироқ бузишдан олдин ҳар бир тошга тартиб рақами қўйиб чиқишган ва уни шу рақамлар бўйича қайтадан тиклашган.
Шу тариқа арман қурувчилари шиша ва металлдан фойдаланган ҳолда бино қуришда қадимий арман ва Ереван меъморий анъаналарини замонавий инновацион ечимлар билан уйғун ҳолда бирлаштиришга эриша олганлар.
Тигран Джрбашян
Мен, Ameriabank директорлари Кенгаши аъзоси, ривожлантириш бўйича директор Тигран Джрбашян билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим. Серғайрат, зукко Тигран – нафақат банкир, балки олим, у 130 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи ҳам. Арманистон, Россия, АҚШ ва Венгрияда таҳсил олган. Ameriabank’да ўн йилдан буён ишлайди.
Ўз касбий сирим билан ўртоқлашаман: бундай суҳбатдошлар журналистларнинг ишини анча осонлаштиради. Сиздан талаб этиладигани, унинг гапларини диктофонга ёзиб оласиз холос, сўнгра уни шунчаки қоғозга туширасиз.
Тигран Джрбашян мана нималарни айтиб берди:
– Жаҳон банк тизими ҳозирги кунда глобал трендни бошидан кечирмоқда: кўплаб йирик банклар эндиликда ўзларини нафақат шунчаки банк сифатида, балки технологик платформалар сифатида ҳам намойиш этмоқдалар. Банк бугунги кунда, биринчи навбатда – бу маълумотлар, ҳаммадан ҳам кўра мижозлар бўйича ахборотларнинг катта оқими (Data) дегани. Бутун дунё шу йўналишдан бормоқда, фақат ҳар хил тезликда. Биз эндиликда мижозларнинг банкка келиб кетишларига умуман зарурат қолдирмайдиган, жуда кўп автоматлаштирилган маҳсулотларни жорий этяпмиз. Бутун асосий оқим маълумотларни қайта ишлаш орқали бўлиб ўтади.
Айтайлик, биз минтақаларда филиал тармоқларимиз сони бўйича етакчи эмасмиз, биз буни атайлаб ўз олдимизга асосий мақсад қилиб қўймаганмиз. Аксинча, асосий урғуни технологик ечимлар, онлайн ечимлар, дижитал (рақамли) ечимлар, алоқа воситалари соҳасидаги ечимларга қаратганмиз.
Ameriabank филиаллардан кўра айнан дата-марказлар, маълумотларни қайта ишлаш марказлари (МҚМ) сингари кучли замонавий ечимларга инвестиция киритишни маъқул кўради. Шу сабабли филиал тармоқларини ривожлантириш бўйича биз яқин рақибларимизга ютқазсак-да, Softline компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган замонавий Маълумотларни қайта ишлаш марказига эга эканлигимиз туфайли айни вақтда улардан анча кўпроқ мижозларга хизмат кўрсатамиз.
Ameriabank бу соҳада кўп иш олиб боради ва Softline компаниясининг дата-маркази биз инвестиция киритган лойиҳалардан биридир. МҚМ – бу харажат дегани эмас, балки истиқболга киритилган сармоядир, у қачонлардир, узоқ келажакда қандайдир ёрдами тегадиган лойиҳа эмас, балки ҳозирнинг ўзидаёқ энг мураккаб вазифаларга ечим топишда ёрдам бермоқда. МҚМ туфайли амалиётлар сони ўнлаб мартага кўпайди.
Дата-марказга жойланган ресурслар яқин бир неча йил ичида бизнинг маълумотларни сақлаш ва маълумотларга ишлов бериш бўйича эҳтиёжларимизни қоплаш учун етарли бўлади деб ҳисоблаймиз, агар бу вақт ичида М&А (Mergers and Acquisitions, қўшилиш ва сингиб кетиш) бўйича битимлар амалга оширилмаса албатта.
Ameriabank маълумотларни қайта ишлаш марказининг яратилиши - Softline компанияси билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасидир. Бу фаолият соҳаси, бу йўналиш биз учун устувор аҳамиятга эга. Биз бозорда ўзимизни айнан банк ахборот технологиялари соҳасидаги энг инновацион банк сифатида намойиш этамиз. У вазифани ҳал қилиш учун банк мияси бўлган дата-марказ яратилган, бу унинг асоси, қолган барчаси унинг атрофида барпо этилади.
Сизда тушунча пайдо қилиш учун Ameriabank ҳақида қисқача сўзлаб бераман.
Биз ички бозорда етакчимиз, бунинг устига банк хизматлари кўрсатиш бўйича арман банки МДҲнинг кўплаб мамлакатларидан рақобатбардошлиги билан фарқ қилади. МДҲнинг ҳеч бир давлатида бундай даражадаги рақобат йўқ: Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам, Украинада ҳам, Грузия, Озарбайжон ва Қозоғистонда ҳам.
Ўзингиз қаранг: Россияда асосан иккита банк: Сбербанк ва ВТБ банкка ички бозорнинг 80% дан ортиғи тегишли. Грузияда ҳам асосан иккита банк – Bank of Georgia ва TBC – бозорнинг 76-78 фоизини эгаллайди. Арманистонда эса бешта энг йирик банк бозорнинг атиги 52%ни назорат қилади.
Мана шундай рақобат шароитида биз бугунги кунда барча кўрсаткичлар бўйича Арманистондаги энг йирик банк ҳисобланамиз. Биз корпоратив кредитлар бўйича, активлар бўйича, соф фойда бўйича, кредит портфели бўйича, депозитлар бўйича, хорижий манбаларни жалб қилиш бўйича биринчимиз. Бироқ шунга қарамасдан банкнинг ички бозордаги солиштирма массаси тахминан 20%. Банкимизнинг рақиблардан устунлиги ортиб бормоқда, албатта. Биз муваффақиятли ривожланяпмиз: бозордан икки баробар тез, рақиблардан икки баробар кўп ва бугунги кунда бир қатор кўрсаткичларимиз бўйича энг яқин рақибимиздан бир ярим-икки баробар олдиндамиз.
Ameria Group (CY) Limeted 2008 йилда банкни сотиб олган пайтда, у Арманистон банк тизимида охиридан иккинчи ўринда эди, яъни мамлакатдаги 22 та банк ичида 21-ўринда турарди. Биз жуда яхши команда йиға олганимиз, ривожланган инфратузилма ярата олганимиз туфайли Ameriabank банк тизимида етакчи ўринга чиқа олди.
Ameriabank бутун МДҲ ҳудудида энг тез ўсаётган банклардан бири ҳисобланади. Кавказ минтақасида фақатгина Грузиядаги иккита банк – Bank of Georgia ва ТBC Банк биздан олдинда, Озарбайжон банклари эса миллий валюта девальвация қилинганлиги туфайли ўз активларининг сезиларли қисмини йўқотиб, ўз мавқеиларини қўлдан бой бердилар.
Ҳозирги кунда банкда 800 га яқин ходим меҳнат қилади. Биз банкимизнинг янги биноси билан жуда фахрланамиз. Бинонинг «яшил» статуси Softline мутахассислари олдига келажак МҚМнинг муҳандислик тизимларини лойиҳалаштириш ва қурилиш ҳамда монтаж ишларининг бутун комплексини BREEAM қатий талабларига, Европанинг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ISO стандартлари, ТIER III мустаҳкамлик даражаси талабларига жавоб берадиган қилиб амалга ошириш вазифасини қўйди. Яхшиси бу ҳақда сизга Ameriabank-нинг IT ва автоматлаштириш Бошқармаси раҳбари Шаварш Восканян гапириб беради.
Шаварш ВосканянВазмин, мулоҳазали ва ташқи кўринишидан ўта босиқ Шаварш қуйидагиларни сўзлаб берди:
Тигран Джрбашян айтганидек, Ameriabank халқаро компания – банк хизматлари кўрсатиш соҳасида етакчи бўлишга интилмоқда. Бундай баландпарвоз мақсадларга эришиш учун рақамли банкинг технологияларига катта эътибор қаратилмоқда. Банк томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматларнинг миқдори ва сифати ўсишини таъминлаш, шунингдек тўхтамасдан ишлашнинг юқори даражасига эга бўлиш учун биз янги МҚМ тузишга қарор қилдик. Вазифанинг мураккаблиги шунда эдики, янги МҚМ ни айнан шу бинода жойлаштириш кўзда тутилган, бинода эса ўша пайтда қурилиш ишлари бораётган, шу сабабли 100 квадрат метрли майдон ажратилган эди. 24 та жавон, шундан 20 таси серверлар билан, тўрттаси – тармоқ ускуналари, совитиш тизими, намлик назорати ва вентиляция билан банд, шунингдек узлуксиз таъминот манбалари, батарея жавонлари, шуларнинг ҳаммасига шу жой. Одатда турли хоналарга жойлаштирилиши лозим бўлган мана шуларнинг ҳаммасини битта хонага жойлаштириш талаб этиларди.
Бунинг устига МҚМ ускуналарини, уларнинг мустаҳкам туришини таъминлаш осон бўладиган одатдаги биринчи қаватда ёки ертўлага эмас, балки иккинчи қаватга жойлаштиришга тўғри келди. Арманистонда ҳам, сизнинг Ўзбекистонингиз сингари зилзила бўлиш хавфи юқори. Зилзилабардошлик талабларига кўра дата-марказнинг гермозоналарида фалшпол тиргаклар билан мустаҳкамланди. Сервер жавонлари фалшполга мустаҳкам ўрнашиши учун кронштейнлар билан жиҳозланди – ер ости силкинишларида бундай маҳкамлаш воситалари Schneider-Electric жавонларини ағдарилиб тушишдан сақлайди.
Томнинг тутиб туриш қувватининг чегараланганлиги масаласини икки йўл билан ҳал қилдик. Биринчиси, анъанавий усул: биринчи қават томини пўлат профил ҳисобига мустаҳкамлаш. Иккинчиси, ҳисоблаш ва тармоқ ускуналарининг узлуксиз таъминот манбасида литий-ионли батареялардан фойдаланилди – улар қўрғошин-кислотали батареяларга қараганда икки марта кичик ва уч баробар енгил, икки баробар кўпроқ муддат хизмат қилади. Биз шарқий Европада биринчи бўлиб МҚМ учун бундай батареялардан фойдаландик.
Тан оламан, вақт жуда қатий чегараланганлиги туфайли Softline компанияси лойиҳани талаб этилаётган муддатларда тугата олмаслиги мумкин, деган ҳадик бор эди. Бироқ хавотирга ўрин қолмади. Биз компаниянинг ўз ишига уста ходимларига ҳам, қурилиш ва монтаж ишларининг сифатига ҳам жуда қойил қолдик. Softline шунга ўхшаш объектларни бунёд этиш бўйича ўзининг юқори даражада профессионал эканлигини амалда исбот қилди. Улар белгиланган муддатларда қандай улгурганлигини Softline компаниясининг Арманистондаги директори Саргис Арутюнян айтиб бера қолсин.
Саргис Арутюнян
Ҳа, Шаварш Восканян тўғри айтди. Муддат жуда қисқа эди. Ўзингиз мулоҳаза қилиб кўринг: Ameriabank томонидан маълумотларни қайта ишлаш маркази яратилиши тўғрисида танлов эълон қилингандан бошлаб уни фойдаланишга топширилгунига қадар атиги ўн икки ой ўтди. Лойиҳани ишлаб чиқиш учун 30 кун ва уни амалга ошириш учун 90 кунни ҳам шунга қўшинг. Муддат жуда қисқа эди, дегани бу ҳали ҳеч нарса дегани эмас. Фақатгина йирик ускунани етказиб беришнинг ўзига ўн ҳафта кетди.
Биз ўн йилдан буён Арманистонда фаолият юритамиз. Турли хил буюртмачилар билан ишлашга тўғри келган, яъни буюртмачиларимиз 100 га яқин, уларнинг ичида давлат корхоналари ҳам, тижорат корхоналари ҳам бор. Бу асосан давлат молиявий сектори. Ameriabank билан 2012 йилдан буён фаол ҳамкорлик қиляпмиз, биргаликда бир қатор лойиҳаларни бажардик.
Softline мутахассислари олдида бўлғуси МҚМнинг муҳандислик тизимларини лойиҳалаштириш ҳамда қурилиш ва монтаж ишларининг бутун комплексини амалга ошириш вазифаси турар эди.
Банкнинг бизга дата-марказ қуриш имкониятини берганлиги биз учун катта шараф эди, чунки маълумотларни қайта ишлаш маркази бу инновация технологиялари, ахборот технологияларини ривожлантириш учун пойдевор бўлиб, бугунги кунда бизнесни рақамлаштириш – Digital Transformation – барча турдаги бизнес учун асосий йўналиш ҳисобланади.
Softline компанияси мижозларнинг манфаатларини ҳурмат қилади. Биз буюртмачиларимиз ривожланиши, бозорнинг катта фоизини эгаллашлари учун меҳнат қиламиз. Бизнинг рақобатбардошлигимиз шундаки, бошқа бозорларда олинган тажрибадан фойдаланишни, уни тўплашни ва буюртмачига бера олишни биламиз.
Масалан, Ameriabank дата-марказини қуришда Беларуснинг пойтахти Минскда дата-марказ қуриш тажрибаси қўл келди. Бу ҳақда яхшиси Softline техник эксперти Кирилл Солев айтиб бера қолсин.
Кирилл Солев
Аввал бошданоқ буюртмачи Softline олдига шундай дата-марказ қуриш вазифасини қўйдики, унга кўра марказнинг тўхтаб қолмасдан ишлай олиш параметрлари ТIER III стандартларига иложи борича яқин бўлиши керак эди. Бу эса маълумотларни қайта ишлаш марказида IT-нагрузкани тўлиқ ўчирмасдан туриб қурилмалардан ёки тармоқлардан бирида таъмирлаш ишлари ёки профилактик хизмат кўрсатиш имконияти кўзда тутилиши кераклигини билдиради.
Саргис тўғри айтди, Softline компанияси Уптиме Институте ташкилотининг Беларусь Республикасида қурилган МҚМ учун берилган тавсиялари ва стандартлари негизида ушбу лойиҳани яратди. Пудратчининг бундай тажрибага эгалиги Ameriabank нинг айнан Softline’ни танлаши учун асосий мезон бўлди.
Фарқи шундаки, белорусларнинг МҚМ биринчи навбатда тижорат маркази ҳисобланиб, булутли хизматларни сотиш учун яратилган. Ереванда эса банк МҚМни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун яратди. Улар ўртасидаги ўхшашлик – ТIER III стандартларининг қўлланилганлиги. Яна уларнинг кўламлари ҳам фарқ қилади. Беларусда МҚМ сервер жавонларининг сони бўйича 8 марта катта: унда 165 та жавон бор, келгусида уларнинг сонини 600 тага етказиш мўлжалланган.
Мана бу зинани кўряпсизми (Кирилл бизни бизнес-марказ холлидаги металл зиналар томон бошлайди)? Муҳандислик ускуналарининг бир қисми лифтларга сиғмади, шунда биз бурама зина шахтасига кириш жойини очдик, у ерга юкортгич қурилма ўрнатдик, унинг ёрдамида муҳандислик тизимларининг бир қисмини иккинчи қаватга олиб чиқдик.
Қурилиш 2017 йил декабрда тугатилди.
Банкнинг янги биносида барча зарур муҳандислик тизимлари ўрнатилди ва монтаж қилинди. Лойиҳани амалга ошириш натижасида Ameriabank активларида кенг кўламли ва технологих жиҳозланган, банкнинг барча хизматлари барқарор ва самарали ишлашини таъминлай олишга қодир МҚМ пайдо бўлди.
Ишончим комил, Ameriabank’ники сингари бундай маълумотларни қайта ишлаш марказларини яратиш – барча банкларнинг эртанги кунидир.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ (0)