UzCard фаолиятида вақтинчалик техник носозликлар юз берди. Бу ҳақда, UzCard компаниясига асосланиб, Spot хабар бермоқда.
«Техник носозликлар муносабати билан 15 сентябрь куни соат 18:52 дан бошлаб POS, Э-POS терминаллари ва АТМ-қурилмалари процессинг маркази билан вақтинчалик улана олмаяпти», — дейилади компания хабарида.
Аввалроқ онлайн-тўлов сервислари пластик карталар фаолиятида узилишлар юз бераётганини маълум қилганди. Хусусан, Payme ўз саҳифасида техник носозлик ҳақида ёзганди.
«Ягона умумреспублика процессинг маркази фаолиятидаги техник носозлик муносабати билан ҳозирги вақтда фойдаланувчи кабинетида пул маблағларининг баланси вақтинча ноаниқ кўрсатилмоқда, шунингдек, дастур орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар юзага келиши мумкин», — деб ёзганди Payme.
Тошкентдаги дўконларнинг вакиллари ҳам терминаллар карта орқали тўловларни қабул қилмаётганини маълум қилганди. Карталарнинг эгалари эса харидларни амалга ошира олмаётганидан норозилик билдирган эди.
UzCard юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраб, компания мутахассислари тизим фаолиятини қайта тиклаш учун ҳозирда қўлидан келган барча чораларни ишга солаётганини маълум қилди.
Изоҳ (0)